30 июн - "Ёшлар куни" муносабати билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан жойларда “Ёшлар - келажак бунёдкори” шиори остида турли тадбирлар ҳамда "Ҳоким ва ёшлар" учрашуви ўтказилди. Хусусан, "Килдон" маҳалласида жойлашган Саноат касб-ҳунар коллежида 300 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этган тадбирда тумандаги мутассадди ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.
Учрашув давомида ёшлар томонидан берилган савол, таклиф ҳамда муаммоли масалаларга мутахассислар томонидан тегишли жавоблар қайтарилди. Жойида ҳал этиб бўлмайдиган долзарб масалалар қайд этилиб, келажак йўл харитаси ишлаб чиқилиши ва имкон қадар қисқа муддат ичида ижобий ҳал этиш белгилаб олинди. Шунингдек, Республика ёшлар маркази маҳаллий бўлинмаси қошида ташкил этилган бепул тўгараклар тўғрисида батафсил маълумот берилиб, тўгарак ўқувчиларининг ижод наъмуналари кўргазмаси ўтказилди. Келгусида қандай тўгараклар очилиши тўғрисида ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари ўрганилди. Тадбирда ёшлар театр студиялари иштирокида кўрик танлов бўлиб ўтди. Танловда саҳнага чиққан ёшлар ўз саҳна кўринишлари билан йиғилганларга илиқ кайфият улашди. Уюшмаган ёшлар жамоалари ўртасида эса футбол мусобақаси ўтказилди. Мусобақада 8 нафар жамоа иштирок этди. Энг фаол қатнашган "Килдон" МФЙ ёшлари жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
* * *
“Ёшлар куни” тадбири Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ҳам "Ёшлар сайллари" сифатида давом этди. Тадбир лойиҳаси доирасида ёш мўйқалам соҳиблари ўз маҳоратларини намойиш қилишди. Шунингдек, ёш тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиққан маҳсулотлари, ёш ҳунармандлар қўл меҳнати билан ясаган буюмлари, ёш ихтирочилар интеллект маҳсулотлари кўргазмасинини ташкил этишди. Республика ёшлар маркази туман бўлинмаси қошида ташкил этилган "Тикувчилик ва тўқувчилик" тўгараги аъзолари ҳам сайл жараёнида фаол иштирок этишди. Тадбирда тумандаги барча таълим муассасалари АРМ иштирокида китоблар ярмаркаси ташкил этишди. Ярмарка давомида китоб олиш истагини билдирган китобсеварлар рўйхатга олиниб, китоблар тарқатилди. Бундан ташқари, адабиётга ошно ёшлар иштирокида "Наср ва Назм" кечаси ҳам томошабинларни ўзига жалб қилди. Байрам сайлларига МТМ муассасалари тарбияланувчилари бадиий чиқишлари билан ўз ҳиссасини қўшишди.
- Икки нафар шогирдим, 5-синф ўқувчилари Севинч Примова ҳамда Сайёра Исоқова мазкур сайлда юқори қизиқиш билан қатнашяпти, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 63-умумтаълим мактаби бошланғич ташкилот етакчиси Дониёр Лапасов. –Улар “Ёшлар иттифоқи” белгисини иштиёқ билан чизишмоқда.
Сайлда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси О.Саттаров, халқ таълими вазири ўринбосари С.Бобохўжаев томонидан имконияти чекланган ҳамда ёш иқтидор соҳибларига байрам совғалари улашилди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.
* * *
“Диёр” ўйингоҳида ўтказилган байрам тадбирида туманимизнинг бир қанча маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари “Ибратли оила шодлиги”, “Бувижоним ўгитлари”, “Ибратли қайноналар”, “Пазанда келин”, “Гулла, яшна обод қишлоқ”, “Маҳалламиз маликаси” каби шиорлар остидаги кўргазмалари ҳамда уюшган ва уюшмаган ёшларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, рассомчилик ва спорт турлари бўйича чиқишлари намойиш этилди.
Ёшлар байрами ҳақиқий байрамона руҳда ўтказилишида пойтахтимиздан ташриф буюришган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,“Шуҳрат” медали соҳибаси, шоира Дилором Исмоилова ва “Дўстлик” ордени соҳибаси, шоира Зулфия Мўминовалар туманимиз ёшларини бугунги байрам билан чин дилдан қутлаб, ёшларга атаб ёзган шеърларидан намуналар ўқиб беришди Айниқса, “Ягонасан, муқаддас Ватан!”кўрик-танловининг республика босқичи ғолибаси Дилдора Кунузоқова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Шароф Муқимов ва ёш умидли эстрада хонандаси Валижон Эрматовлар ижросидаги куй ва қўшиқлар ёшлар томонидан қизғин кутиб олинди.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.