Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 4-умумий ўрта таълим мактаби етакчиси Журъат Ҳайдаров “Нурли йўл” маҳалласидаги уюшмаган ёшлар билан биргаликда битирувчиларни касбга йўналтириш ва ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш лойиҳасини ўтказди.
Унда маҳалладаги уюшмаган ёшлар ҳамда мактабнинг “Бизнесс клуб” аъзолари ўндан ортиқ йўналишдаги фаолият турларига тегишли кўргазмали чиқишларини намойиш қилишди.
Ўқувчи-ёшлар қуёнчилик, тўқимачилик, тикувчилик, гўзаллик салони, сартарошлик, пишириқ тайёрлаш, сават тўқиш, тунукачилик ва қоғоздан гул ясаш каби ишлар жараёнини кузатиб, кўргазмали қуролларни кўздан кечирди. Шунингдек, ҳар бир фаолият тури бўйича тегишли маълумотларга ҳам эга бўлишди.
Мисол учун, 8-синф ўқувчиси Диёр Жуманов юзга яқин қуёнлари мавжудлиги, яхши парвариш қилинса тез кўпайиши ва фойда келтириши мумкинлиги ҳақида тенгдошларига сўзлаб берди.
Самандар Очилов ҳўл чивиқдан сават, чўлпи ва рўзғор буюмларини тўқиш жараёнини кўрсатиб берди. Айниқса, уюшмаган ёшлардан бири Маҳфуза Ҳамроеванинг қоғоздан ясаган гуллари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Лойиҳа сўнгида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган йўналишлар бўйича уюшмаган ёшларга шогирд тушиш истагини билдиришди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.