Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”, дея айтган гаплари аллақачон шиоримизга айланиб улгурган. Жаннатмакон юртимизнинг гуллаб-яшнаши, бахту-иқболи, дунёда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши, албатта, келажагимиз эгалари – ёшлар қўлида. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор ва билдирилаётган ишонч барчамизнинг диққат марказимизда. Жумладан, таълим муассасаларида ўтказиб келинаётган китобхонлик тадбирларида ўқувчи-ёшлар фаол иштирок этмоқда.
Келгусида ана шундай тадбирларда қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритишни мақсад қилган ўқувчиларимиз ташаббус билан чиқишиб, мактаб кутубхонасини керакли адабиётлар билан бойитишга ўз ҳиссасини қўшишмоқда. Юқори синф ўқувчилари бир донадан бадиий китоб олиб келиб, кутубхона жавонларига қўймоқда.
Яқинда ўқувчиларимиздан бири дарс вақтида “Дадам менга туғилган кунимга китоб совға қилди”, деб қолди. Фарзандининг таълим-тарбиясига эътибор қаратиб, унинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиб, китоб олиб бериб, бошқаларга ҳам ўрнак бўлаётган ота-оналаримиз сафи кенгайса, албатта, ўз самарасини бермай қолмайди.
Зеро, дунё тамаддунида муносиб ўринга эга бўлган аждодларимиз давомчилари етишиб чиқишида китоб ўқиш, яхши илм ўрганишнинг аҳамияти катта эканини ҳис қилмоғимиз керак. Фарзандларимиз ҳам шунга муносиб бўлиб, юрт равнақига ҳисса қўшсалар келажагимиз, албатта, буюк бўлади.
Улмоной ҚОРАБЕКОВА,
61-умумтаълим мактабининг
она-тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.