Бундан икки-уч асрлар илгари нафақат бизда, балки, европа халқлари орасида ҳам китоб муқаддас ва ноёб саналган. У пайтларда китоблар жуда ҳам қиммат бўлганлиги боис фақатгина бой-бадавлат, зодагон ва амалдор кишилар хонадонларидагина китоб жавонларини безаб турган. Китоб жавонлари бор хонадонлар соҳиблари ҳам маънан, ҳам моддий бой бўлишган.
Ёдимда, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида, ўқувчи-ўспирин пайтларимизда кеч кузда изғирин ва совуқ тушиб қолганлигига қарамасдан кундузи пахта далаларидан кўрак териб, кечалари уч-тўрт қўни-қўшнилар бир жойга тўпланишиб, кечалари алламаҳалгача кўрак чувиб, шамчироқ ёғдусида “Алпомиш”, “”Гўрўғли”, “Ширин билан Шакар”, “Ҳасанхон”, “Авазхон”, “Кунтуғмиш” ва “Орзигул” каби достонлар, матал ва эртаклар ким чиройли овозга эга бўлса, ўша киши томонидан ўқиб бериларди. Ҳаммамиз жимгина, диққат билан тинглардик.
Бугунги кунда ҳам халқимиз севиб ардоқлайдиган Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли ва Пўлкан шоирлар ҳам юрт кезиб, эл оралаб достонлар куйлашган. Кейинчалик Ойбек домланинг буюк мутафаккир А. Навоийга бағишланган “Навоий” романи, А. Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи халқ орасида олқишлар билан кутиб олиниб, қўлма-қўл бўлиб кетди. Ўша пайтлардан бери бу икки роман битилган китоблар менинг энг севимли китобларимдан бири бўлиб қолган. Шу боисдан ҳам мактабларда ишлаган пайтларимда ўқувчиларимга дарсликлардан ташқари ушбу романлардан парчалар ўқиб берардим, ўқувчилар билан биргаликда тадбирларда саҳна асарлари тайёрлардик.
Эсимни таниганимдан буён китобга ошнаман, китоб билан дўстман. Бир умр китоб менинг яқин ҳамроҳим бўлиб келган. Шу боисдан бўлса керак ўқитувчилик касбини танлаб, қарийб қирқ йил ўқувчиларга сабоқ бериш баробарида ўзим ҳам ўқиш, изланиш ва ижоддан тўхтамадим. Гарчи ўн беш йилдан буён нафақада бўлсамда, ҳозир ҳам ҳар куни китоб мутолаа қиламан, маҳаллий ва республика газета-журналларини мунтазам ўқиб, кузатиб, дунёда ва юртимизда кечаётган янгидан-янги ўзгаришлар, янгиликлар билан танишиб бораман.
Энди замон бошқача. Қаёққа қараманг газета-журналлар сотилаётган расталар, кўплаб китоб дўконлари мавжуд. Ҳар бир киши ўзи истаган, излаган китобини дўконлардан арзон нархларда, хоҳлаганча сотиб олиши мумкин. Бу китобларнинг сифати ҳам бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради. Мен ҳам вақти-вақти билан китоб дўконларига бориб, ўзимга керакли бўлган китобларни харид қилиш баробарида невараларимга ҳам, албатта, болалар адабиётига бағишланган китобчалар харид қиламан. Мақсадим - невараларни ҳам ёшлигидан, ҳозирданоқ китобга ошно қилиш, чуқур илм эгаллаб, юртимизга, жамиятимизга нафи тегадиган комил фарзандлар қилиб тарбиялашдан иборат. Зеро, китоб билан дўст бўлган, илмли кишилардан ҳеч қачон ёмонлиқ чиқмайди.
Одил ҲУСАНОВ,
меҳнат фахрийси.