Жазирама иссиқ ёз ўрнини мафтункор олтин куз фаслига бўшатиб берди. Бетакрор кузнинг гўзалликларидан баҳраманд бўлиш истагида бўлсангиз, албатта, она табиат манзараларига, улар акс этган газета ва журналлардаги суратларга боқинг. “Деҳқон бозори”даги турли туман сабзавот маҳсулотлари - сабзи, пиёз, картошка, шолғом, ошқовоқ, лавлаги билан бир қаторда оқ, қизил, кўк рангдаги олмалар... Қува аноридан қолишмайдиган ширин анорлар, тилими тил ёрар қовун-тарвузлар тўла расталарини томоша қилинг, улардан баҳра олинг. Ҳозиргина узиб келинган ҳусайни, тоифи, қоражанжал, Ризамат ота навли ширин-шакар узумлар ранги куз офтобида кўзингизни қамаштиради.
Эрта баҳордан бошлаб кенг далаларда енг шимариб меҳнат қилган деҳқонларимиз, фермерларимиз, томорқа-ер эгалари етиштирган бу маҳсулотлар бугунги олтин куз кунларида кўзни қувонтиради. Олтин куз – деҳқон учун ғалвирни сувдан кўтарадиган пайт. Шу кунларда туманимиз далаларида ҳам иш қизғин. Деҳқонларимиз пешона тери эвазига етиштирилган пиёз, сабзи, картошка, ошқовоқ каби маҳсулотларини йиғиб териб олишмоқда.
-Бу йил томорқамизда сабзи, пиёз, картошка каби сабзавот маҳсулотларидан ташқари, олма, анор, олмурут, беҳи каби мевалар мўл бўлди, - дейди томорқа ер эгаси Баҳодир Алимов. - Маҳсулотларни туманимиз марказидаги “Деҳқон бозори”га чиқардик. Олтин куз даври қаҳратон, совуқ қишга ҳам астойдил тайёргарлик кўриш мавсуми. Шу сабабли рўзғоримизга керакли қисминиқишга ғамлаб қўйдик. Олтин куз - қишки дастурхон учун тайёргарлик кўриш мавсуми, деб бежиз айтилмаган.
Куз фасли янги режалар, янги умидлар фасли. Кўчада сайр қилар экансиз, беихтиёр болалик даврингизга тушиб қоласиз. Танҳо қолгингиз ва ширин хотиралар оғушига чўмгингиз келади. Бу фаслда, ҳаво куз ифорига тўлади. Ва... ҳар бир лаҳзани хотирангизга муҳрлайсиз. Куз - хотиржамлик фасли. Атроф худди чиройли эртак билан уйғунлашганга ўхшайди.
Олтин куз - йил давомида қилинган меҳнат ҳосилини йиғиш вақти. Бу пайтда япроқлар гулларга айланади. Кун бўйи дарахтзорда сайр қилгингиз келади. Фақат кузда тўкилган япроқларнинг шитирлашидан қалбингиз тўлқинланади. Бу кунлар кузнинг ёрқин, қуёшли - тоза ҳавосида сайр қилиш даври. Кузда бутун атроф мафтункор кўриниш олади ва дилларга қувонч бағишлайди.
Барча ишларни йиғиштириб, дўстлар билан дийдорлашгингиз келади. Совуқ оқшомларда эса иссиқ печка олдида ёки ўз вақтида ота-боболаримиз ишлатган сандал атрофида ўтириб, ширин хушбўй чой таъмидан роҳатланасиз... Олтин куз таровати ҳаммамиз учун хайрли ва роҳатбахш бўлсин.
Раббим ҲОТАМОВ.