Ҳар бир фуқаро, у уйда бўладими, кўча-кўйдами, ишхонадами ёки йўлда транспортдами, аввало тартиб-интизомга амал қилиши лозим. Тартибли бўлиш учун эса маданиятли бўлиш керак. Маданиятли инсон ҳамма жойда интизомга, қонун-қоидага ҳар доим амал қилади. Мен тилга олмоқчи бўлган кўчадаги "Деҳқон бозори" ва "Автобекат"да эса на тартиб бор ва на интизом бор.
Туманимиз қишлоқлари ва бошқа жойлардан Булунғур шаҳрига турли юмушлар билан ташриф буюрган кишилар албатта, Булунғур шоҳкўчасидаги "Деҳқон бозори"ни, шунингдек "Автобекат"ни оралаб ўтишга мажбур. Негаки, улар шундоққина Булунғур шоҳкўчасининг қоқ ўртасида, туман поликлиникасига туташ жойда жойлашган. Бу бозорда эрта тонгдан то пешингача сотувчи ва харидор ҳам, йўловчи ҳам бисёр. Бугун бошқа бозорларда нимаики қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотилаётган бўлса бу бозорда ҳам уларнинг барчаси муҳайё. Сотувчилар олма, ўрик, қароли, гилос, олхўри, булғор қалампири, картошка, сабзи, помидор, бодринг, ҳаттоки сут-қатиқ ва поп-корн ҳам сотишмоқда. Бу кўчада сотувчию-олувчининг кўплигидан ҳатто транспортларнинг ҳаракатланишларига имкон йўқ. "Деҳқон бозори" яқинидаги такси бекатидаги автомобилларнинг тизилиб турганини айтмайсиз-ми... Кўчадан ҳаракатланаётган автомобиль ҳайдовчилари йўлнинг қарама-қарши йўналиши бўйлаб ҳаракатланишларига тўғри келмоқда. Йўл четидаги пиёдалар ҳаракатланадиган йўлакдан ҳам пиёдаларнинг ўтиб олишлари амри-маҳол. Хуллас, бу "Деҳқон бозори"да на тартиб бор, на қоида. Тозалик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Уларни тартибга чақирувчи ИИБ, ДСИ, СЭС, маҳалла ва бошқа масъул идоралар раҳбарлари наҳотки бу "бозор"дан ва "автобекат"дан бехабар бўлишса? Улар учун туман марказидаги "Деҳқон бозори" ҳудудидан, шунингдек "Автошоҳбекат"дан жой ажратишнинг имкони йўқми? Бу ҳақда масъул раҳбарлар нима дейишаркин?

ШОҲКЎЧАДАГИ «БОЗОР»... "Деҳқон бозори"ми ёки "автошоҳбекат"-ми?
Тўлқин ШЕРБОЕВ.