Туман ФҲДЁ бўлимида туман бош имом-хатиби Тўлқин Равшанов, Булунғур қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи психологи Ойбек Камолов иштирокида ёшлар билан суҳбат ўтказилди. Унда оила қуриш остонасида турган йигит ва қизларга оиланинг диний ва ҳуқуқий жиҳатлари хусусида тушунчалар берилди.
Даставвал, ФҲДЁ мудираси Маҳбуба Муртазоева ёшларга оиланинг ҳуқуқий асослари борасида маълумот берди. Бунда эр ва хотиннинг мулкий, ҳуқуқий манфаатлари ва мажбуриятлари, фарзандларнинг ижтимоий ҳимояси, моддий таъминоти, тарбияси ҳақида ҳаётий мисоллар келтириб ўтди. Шунингдек, бундан бир неча йил олдин оилавий ажримлар кам бўлгани, бўлажак келин ва куёвни, унинг оила аъзолари, қариндош-уруғларини миллий урф-одатларимиздан келиб чиққан ҳолда сўраб-суриштириб, маслаҳатли тўй қилишганини айтди. Ҳозирги кунда эса бу тушунчаларга алоҳида эътибор беришга унчалик ҳам урғу берилмаётгани борасида фикр билдирди.
- Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади, - дейди Булунғур қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи психологи О.Камолов. - Оила институтига давлатимиз томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади. Ота-она ўртасида низоли вазиятлар кўп бўлаверса у оилада вояга етаётган фарзанд ноқобил бўлиб етишиши мумкин. Бу каби суҳбатлар эса оила қуриш аввалидаги бошланғич мактаб вазифасини ўтайди.
Суҳбат чоғида оталикни белгилаш, ёлғиз оналар учун гувоҳнома сўраб мурожаат қилиш ҳоллари ҳам кўп учраётгани маълумот ўрнида айтилди. Турмуш қурилгач, 5-10 йилгача бир-бирини тушунмай яшаб келаётган, келишолмаётган эр-хотинлар ҳам борлиги, ҳар қандай ҳолатда, айниқса, ўртада вояга етмаган ёш фарзанд бўлса, оилани биринчи даражали масала, деб қараш лозимлиги тушунтирилди. Шунинг баробарида буюк аждодларимиз ҳамда ота-боболаримизнинг оила борасида айтиб ўтган фикрларидан мисоллар келтирилди.
Туман бош имом-хатиби Тўлқин Равшанов эркак ва аёлнинг хислатлари, оиладаги ўрни хусусида сўз юритди. Оилани сақлашда аёл кишининг эрига бўлган ҳурмати, итоаткорлиги энг яхши фазилатлар эканлиги, аксинча бўлса, кўплаб тузатиб бўлмас хатоликлар юзага келиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.