Оила - ҳаётнинг абадийлиги, авлодлар давомийлигини таминловчи муқаддас урф-одатларимизни сақловчи, шу билан бирга, фарзанднинг келажакда қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир. Дарҳақиқат, оила қуриш жамият ҳаётидаги энг муҳим ва масъулиятли жараёнлардан бири бўлиб, мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур тамойиллар асосида оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унга моддий ва маънавий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда. Аммо... афсусланарли жиҳати шундаки, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки ўғлини уйлантириш тараддудига тушишади. Бу бўлса, ҳали маънавий жиҳатдан камол топмаган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган ёшларнинг катта ҳаёт бўсағасида сарсон-саргардон бўлишига олиб келмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Мутахассисларнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига бевосита таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир. Аммо айримлар эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик билан қарор қабул қилишади. Натижада, носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли бутун умр азият чекади, ёш оила барбод бўлиб, ҳаёти издан чиқади. Киши оила қураётганда, нафақат жисмоний тарафдан, шунингдек руҳий жиҳатдан ҳам тайёр бўлиши лозим. Ҳаёт тушунчаларини ўзи тўлиқлигича англаб етмаган қиз ёки ўғилнинг оила қуриб, фарзанд тарбиялай олишига ким кафолат бера олади.
Биргина ўйламай қилинган қарор кўпчиликнинг, шу билан бирга бегуноҳ фарзандларнинг ҳам ҳаётини мураккаблаштириб юбориши мумкин.. Кўчада ўртоқлари билан ўйнаб юрган бола билан унга умид кўзлари билан боқаётган нуқсонли туғилган боланинг осмон ва ерчалик фарқи бор. Даҳшатлиси, биз учун оддий кўринган бепарволик оқибатида мурғак қалблар дунёга келади, армонга юз тутади. Бу сўзларнинг исботини бир бор имконияти чекланган болалар уйига бориб кўрган киши билади...
Юртимизда қанчадан-қанча имконият эшиклари очиб берилаётган бир даврда ўқиб-изланиб, илм ўрганиб, касб-ҳунар эгаллаш йигит-қизларнинг энг биринчи мақсади бўлмоғи керак. Зеро, бахтли ҳаёт пойдеворини қуриш ёшликдан бошланади.
Шахрибону УМИРБОЕВА,
ЎзДЖТУ 1-босқич талабаси.