Оила мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида туман ФҲДЁ бўлимининг “Оила дорилфунуни” хонасида никоҳдан ўтиш учун ариза берган ёшлар билан суҳбат ўтказилаяпти.
Яқинда ФҲДЁ мудираси М.Муртазоева ҳамда туман бош имом-хатиби Т.Равшанов иштирокида ўтказилган суҳбатда 20 нафардан ортиқ ёшларга Ўзбекистон Республикасининг “Оила кодекси”да белгилаб қўйилган икки томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда муқаддас динимизда назарда тутилган маълумотлар хусусида тушунчалар берилди.
- Бу каби суҳбатлар оила аталмиш муқаддас қўрғонга қадам қўяётган йигит-қизларимизни турмушга тайёрлайди, - дейди М.Муртазоева. - Айрим ҳоллар унинг барбод бўлишига эса телефон воситаси ҳам сабабчи бўлиб қолмоқда. Янги уйга келин бўлиб тушган қиз турмуш ўртоғи ва унинг оила аъзолари кўнглига йўл топа билиши зарур. Сабрли бўлиши ва итоат қилиши керак. Шундагина оила асоси мустаҳкам бўлади.
Ажримлар сони ортиб боришига ёшларнинг ҳаётга енгил қараши сабаб бўлаётгани, оқибатда оила бузилиб, вояга етмаган фарзанд етим бўлиб қолаётгани, унинг салбий жиҳатларига тўхталди. Турмуш қуриш вақтида шунчаки ҳавас билан оила қуриб, кейинчалик эса турли синовлар, рўзғор камчиликлари, арзимас келишмовчилик ва қийинчиликларга бардош беролмаслиги туфайли оила барбод бўлиши мумкинлиги айтилди.
- Халқимизда инсон бир умрлик жуфти ҳалолини танлаши – тақдир қўшилиши ва пешонага ёзилгани, деб саналади, - дейди Т. Равшанов. - Бу ҳам қайсидир маънода тўғри ва бор гап. Бироқ, турмушнинг турли синовларига қандай ёндашиш эса фақатгина ўзимизга, атрофдагиларга боғлиқ. Қисақаси, оилани асраб-авайлаш ўз қўлимизда.
Оила муқаддаслигини англаш, уни асраш, фарзанд тарбиялаш каби яхши амаллар ёки унинг барбод бўлиши, фарзандни етим қилишнинг салбий томонлари хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Никоҳдан ўтиш учун ариза билан мурожаат қилган ёшлар суҳбат жараёнида кўпгина ҳуқуқий ҳамда диний маълумотларга эга бўлди ва олган таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Биз каби оила қурувчи ёшлар учун мутахассислар иштирокида суҳбат ташкил этилиши жуда ўринли, деб ҳисоблайман, - дейди “Сайилтепа” маҳалласида яшовчи фуқаро Учқун Мансуров. - Оила қурилгандан кейин унда учрайдиган турмуш синовлари ҳақида тушунчага эга бўлдим.
Шунингдек, суҳбат жараёнида тўй-ҳашамларни ихчам, камхарж қилиб ўтказиш, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик лозимлиги ҳам айтиб ўтилди. Дабдабасозликлар инсон бахтини белгилай олмаслиги, бунга тўғри амал қилинмаса, фақатгина ўзимизга зарар эканлиги борасида мисоллар келтирилди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.