Туман ҳокими Б.Баҳрамов тумандаги ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда иш жараёнларини кузатиш баробарида аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш масаласига ҳам асосий эътиборни қаратиб келмоқда. Жумладан, ёшлар ва хотин-қизларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, уларнинг ишлаш ва яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш, ижтимоий кўмаклашиш, муаммоларини жойида аниқлаш ва қисқа фурсатларда ҳал этиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун маҳаллаларда бўлиб, улар билан бирма-бир суҳбатлашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг 2020 йил 26 августдаги 02 – 2427-сонли “Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2020 йил 20 август куни ўтказилган 66-сонли йиғилиши баёни ижросини таъминлаш тўғрисида”ги топшириқномаси ва вилоят ҳокимининг 2020 йил 17 сентябрдаги 07 – 07/83-сонли хати ижросини таъминлаш мақсадида туманда “Аёллар дафтари”ни юритиш бўйича туман штаби тузилиб, ишчи гуруҳи иш олиб боришмоқда. Ҳозирга қадар маҳаллаларда ўтказилаётган хатлов жараёнларида туман бўйича жами 22858 нафар аёллардан 15128 нафари хатловдан ўтказилиб, 11753 нафариниэлектрон базага киритишга эришилди.
Туман ҳокими Б.Баҳрамов айни пайтга қадар тумандаги “Небўса”, “Булунғур Ариқ”, “Нурли йўл”, “Оқтош”, “Исори Ўроқли”, “Ниёзмат” ва “Янгиқўрғон” МФЙларда бўлиб, у ердаги иш билан банд бўлмаган ёшлар ва хотин-қизлар билан учрашди.
Яқинда ҳоким Б. Баҳрамов туман Халқ қабулхонаси мудири Т. Соипов билан “Небўса” МФЙда бўлиб, асосий эътиборни “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва ёшлар муаммосига қаратди. Шунингдек, учрашувда ҳоким ўринбосарлари А. Ҳазратқулов, М. Қурбонова, ёшлар ишлари Агентлиги туман бўлими раиси К. Ғаппаров, туман Ёшлар иттифоқи координатори И. Нажмиддинов, маҳалла масъуллари ҳамда ишни ташкил тартибини янада пухта англаб олиш мақсадида яқин атрофдаги маҳалла раисларининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари иштирок этишди.
Туман ҳокими мазкур маҳалладан “Аёллар дафтари”га рўйхатга олинган ҳар бир фуқаро билан алоҳида суҳбатлашар экан, унинг қандай муаммолари борлиги, қизиқиши, лаёқати, орзулари, келгуси режалари билан қизиқди ва бу йўлда қандай кўмак зарурлиги тўғрисида батафсил фикрлашди. Мурожаатчиларнинг муаммолари атрофлича ўрганилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролардан Малика Атауллаева ва Ёрқиной Эргашеваларнинг кредит олиш учун жамланган ҳужжатлари “Агробанк” АТБ Булунғур филиалига тақдим этилди. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган Жамила Ҳасанова, Гулшода Темирова, Наргиза Оқбўтаеваларга бепул тикув машиналари берилиши белгиланди. Фуқаро Боғдагул Маматкаримованинг турмуш ўртоғи ва фарзанди ногиронлиги масаласида қилган мурожаати юзасидан беморлар шифокорлар кўригидан ўтказилиб, туман Тиббиёт бирлашмасига рўйхатга олинди. Фуқаро Меҳринисо Аҳмедова ўзининг саломатлиги масаласида қилган мурожаати инобатга олиниб, ҳужжатлари туман Тиббиёт бирлашмасига тақдим этилиб, вилоят шифохоналарида даволаниш учун тавсия берилди.
Туман ҳокими “Ниёзмат” маҳалласидаги жараёнлар билан яқиндан танишиб, рўйхатга киритилган хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳар бири билан бевосита суҳбатда бўлди. Жумладан, Лола Сиддиқова турмуш ўртоғи қўшни Тожикистон Республикасидан кўчиб келганлиги, шу сабабли Ўзбекистон фуқаролиги йўқ эканлигини билдириб, амалий ёрдам сўради. Ҳолат маҳалла профилактика инспектори томонидан назоратга олиниб, тегишли чоралар кўрилгач, натижаси юзасидан ахборот киритиш белгиланди. Эрназарова Озода ўзининг уйида тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдириб, 10 дона тикувчилик машинаси олиш истагини билдирди. Туман ҳокими ҳар бир мурожаат рўйхатга олиниб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилишини маълум қилди.
“Нурли йўл” МФЙ фуқароси Мафтуна Ҳайдарова тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида турмуш ўртоғи билан тикувчилик цехи, гўзаллик салони, нон ишлаб чиқариш цехи фаолиятини йўлга қўйишини билдириб, 100 миллион сўм кредит маблағи ажратилишида амалий ёрдам сўради. Мурожаат юзасидан фуқарога 1-сектор ишчи гуруҳи аъзоси, “Агробанк” АТБ Булунғур филиали масъул ходими бириктирилди.
Учрашув давомида туман ҳокими ҳар бир фуқаро билан алоҳида суҳбатлашар экан, келгусида фуқароларнинг истагидан келиб чиққан ҳолда уларнинг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Шунингдек, туман ҳокими “Небўса”, “Оқтош” ва “Булунғурариқ” маҳаллаларида фаолият юритаётган маҳалла раисларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарларининг “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўйича олиб боришаётган ишлари қониқарсиз эканлигини билдириб, уларга масъулиятни ҳис этган ҳолда ёндошиш лозимлигини уқтирди.
Учрашув сўнгида туман ҳокими масъуллар билан суҳбатлашар экан, қатор маҳаллаларда “Ёшлар дафтари” бўйича амалга оширилаётган ишлар қониқарсиз эканлигини таъкидлаб, тизим ходимларини масала моҳиятига жиддийроқ қарашга чақирди.
Туман ҳокими Б.Баҳрамовнинг бевосита жойларга чиқиб, асосан “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган хотин-қизлар ва ёшлар билан учрашувлари давом этмоқда.
Тўлқин НУРАЛИЕВ.