Туманимизда бир бино борки, бу уйнинг чироғи куну-тун ўчмайди. Қаҳратон қишми, жазирама саратон бўладими, дам олиш куними ёки энг катта байрамлар куними, ичкаридаги ходимларга алоқаси йўқдай. Бу ерда ҳар куни ходимлардан машаққатли меҳнат талаб этилади. Туғруққа келган аёллар эса жон олиб, жон беришади. Чунки, бу уйда ҳаётимиз давомчилари, келажак авлод, ворисларимиз дунёга келишади. Энди тушунган бўлсангиз керак. Бу бино туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ уйи деб аталади.
Негадир одамлар туғруқхонани Абдусаид ака номи билан боғлаб гапиришади. Ҳатто туғруққа келган аёллар ҳам Саид ака (ҳамма бу инсон номини тўлиқ айтмай, шундай чақиришади) борми, ишлаяптими деб сўрашади. Агар бор, шу ерда дейишса кўнгиллари хотиржам бўлишади. Абдусаид ака бу обрўга эришгунча эҳҳе-е қанча йўлни босиб ўтган...
1954 йилда туманимизнинг Янгиариқ маҳалласи Хатча қишлоғида таваллуд топган. 1971 йил Самарқанд Давлат тиббиёт олийгоҳини қизил диплом билан тугатганлиги сабабли олийгоҳ раҳбарияти Абдусаид акани вилоятдаги Медицина олийгоҳи онкология кафедрасига ишлаш учун йўлланма беришади. Онкология институтдаги 9 йиллик меҳнат давомида у кучли билимли, тажрибали шифокор бўлиб етишади. Шундан сўнг туманимиздаги Килдон қишлоқ врачлик пунктида меҳнат фаолиятини давом эттиради. Билимга, янгиликка чанқоқ бўлган ёш Абдусаид яна шу соҳа илмларини чуқур ўзлаштириш учун 1982-1984 йилларда Самарқанд шаҳридаги “Акушерлик бўйича врачларни қайта тайёрлаш” олий курсида таҳсил олади. Шундан сўнг йўлланма асосида 1 йил Самарқанд шаҳридаги 3-сонли туғруқхонада ишлади. Мана, шундан буён салкам 35 йилдирки туманимиз туғруқ уйида масъул вазифаларда ишлаб келмоқда.
-Ҳар куни ишхонада 2-3 та операцияда қатнашаман. Тўғрисини айтсам, шу аёллар қатори мен ҳам жон олиб жон бераман. Чақалоқ соғлом туғилса яйраб кетаман. Бутун машаққатларим эсдан чиқади, - дейди Абдусаид ака Норматов. – Лекин... бу ҳаёт. Баъзида нобуд бўлган чақалоқни кўриб...
Албатта, бу нохуш ҳолатда биринчи навбатда ҳомиладор бўлиб келган аёлларимиз сабабчи. Иш, турмуш ташвишлари, ҳаёт қийинчиликлари деб вақтида даволанишмайди, кўрикдан вақтида ўтишмайди. Шу сабабли аёлларда бачадон чандиғи, камқонлик ёки қон босими каби касалликлар юзага келади. Вақтида даволанмаслик гўдакнинг нобуд бўлишигача олиб келади.
Шунинг учун барча қишлоқ врачлик пунктларига алоҳида топшириқ берамиз. Яъни, ҳар бир ҳомиладор аёл биринчи навбатда ҳомиладорлик оралиғини сақлаш, 8-9 марта тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Агар оддий шу ишлар қилинмаса, оналар ҳаёти хавф остида қолади, болалар ўлими камаймайди.
Фурсатдан фойдаланиб барча тиббиёт ходимларини касб байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Касбдошларимнинг машаққатли масъулияти вазифаларида муваффақиятлар тилайман.
Биз ҳам Абдусаид аканинг эзгу тилакларига қўшиламиз.
Ғулом ЎРОЛОВ.