Тиланчилик - динда қораланади. Аллоҳ таоло ҳалол меҳнат билан оила боқувчи меҳнаткаш, қўлидан иш келадиган, касб-ҳунарли мўминни севади. Кимки одамлардан тиланчилик қилса, яратгандан дўзах ўтини сўраган билан баробар бўлар экан.
Бугунгидек тўкинчилик, фаровон замонда ҳам бировнинг садақасига зор кишилар бормикан орамизда? Фалокат, эҳтиётсизлик туфайли соғлигини йўқотиб, тўшакда ётиб қолган ёки туғма ногирон бўлганлар, бировларнинг эътибори, меҳри, саховати ва қаровига муҳтож бўлганлар бор. Жамиятимизда сизу-биз қатори орамизда яшаётган бундай инсонларга бугун ҳукуматимиз томонидан “Саховат” уйларида саховат, “Меҳрибонлик” уйларида меҳрибонлик, “Мурувват” уйларида мурувват кўрсатилмоқда. Маҳаллаларимиздаги ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга айни пайтда маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, маҳалладаги савобталаб инсонлар томонидан ҳар томонлама ёрдам, моддий ва маънавий кўмаклар берилаяпти. Биргина “Янгиариқ” маҳалласида йил бошида ана шундай кам таъминланган 28 нафар оила рўйхатга олинган бўлса, ҳозирда уларнинг 18 нафарига амалий ёрдамлар кўрсатилганлиги боис уларни бундай рўйхатдан чиқаришга эришилди. Маҳалла фаоллари йил охирига қадар қолган 10нафар оилани ҳам иқтисодий-ижтимоий қўллаб-қувватлаб, уларни ҳам рўйхатдан чиқариш ниятидалар.
Бозорларда, аҳоли гавжум жойларда соғлом ва ногирон инсонларнинг ўтган-кетган йўловчилардан садақа сўраб турганлигига дуч келамиз. Улар ҳам давлат ёрдамидан баҳраманд эканлиги аниқ. Шаҳримиз марказидаги “Деҳқон бозори” ҳудудидан ўтган пиёдалар ўтиш учун мўлжалланган темир йўл кўпригининг ҳар иккала томонидаги юқорига кўтарилиш зиналарида, кўприкнинг юқори қисмида ҳам деярли ҳар куни бир нечта, турли ёшдаги тиланчилар ўткинчиларга қараб қўл узатиб турган бўлади. Улар “Садақа қилинг, садақа – радди бало”, “Хайр қилинг”, деб туришади. Биргина кўприкда эмас, бозор ичкарисида, дўконларва ошхоналар оралаб, транспортлар тўхтаб турган майдонларда, корхона ва ташкилотлар биноларида, қишлоқларда юриб,касалхона ва туғруқхона атрофларида, хуллас, тўртта одам йиғилган жойда уларни учратишимиз мумкин.
Бир-икки йилдан бери туманимиз марказидан ўтган темир йўлнинг автойўл билан кесишмасида, шлагбаум ёнида, темир йўлнинг ҳар иккала томонида ҳам, яқиндан бери шаҳримиз марказидаги “Юлдуз” кинотеатри ёнидаги чорраҳада, светофорнинг қизил чироғи ёнган пайтда тўхтаб турган транспортлар оралаб, транспорт ҳайдовчиларидан садақа сўраб, тиланчилик қиладиганлар пайдо бўлди. Ачинарлиси, уларнинг баъзиларининг қўлларида бир ёш атрофидаги гўдакларини кўтариб олганлари ҳам учраб туради. Бундай ножўя хатти-ҳаракати билан улар аввало, ўзларининг ҳаётини хавф остига қўйиш баробарида автотранспорт ҳайдовчиларини ҳам транспортни бошқаришларида чалғитишмоқда.
Ёдимда, бундан қирқ-эллик йил муқаддам, ҳали биз болалик ва ўспиринлик пайтларимда қишлоқ оралаб юрган, бир қўлида таёқ, иккинчи қўлида эса тўрхалтасини елкасига ташлаб олган соқолли, мўйсафид тиланчилар келиб, хонадонма-хонадон юриб тиланчилик қилар, хонадон эгалари нима берса ҳам олиб, тўрхалтасига ташлаб, дуо қилиб кетишарди. Биз болакайлар тўполон қилаверсак, оила катталари баъзида бизларни тинчлантириш учун “агар жим ўтирмасанг, мўлтонига бериб юбораман, халтасига солиб олиб кетади”, дерди. Негаки биз болалар ойда бир-икки маротаба қишлоқ оралаган тиланчиларга тегажоқлик қилсак, улар бизни елкасидаги тўрхалтасига солиб кетиши билан пўписа қилар эди. Биз шундан қўрқардик.
Ҳозир-чи? Ҳозир замон ҳам, одамлар ҳам, тиланчилар ҳам ўзгарди. Нега дейсизми? Ҳозир қишлоқ оралаб юрган тиланчиларни узоқдан кўрган киши ёки болакай борки, югуриб бориб дарвозасини беркитади, баъзилари эса ҳовли тўрида боғлоқлиқ турган итларини то улар ўтиб кетгунича қўйиб юборишади. Бола-чақамдан, оиламдан садақа, деб бир ҳовуч туршакми, бир бурда нонми бериб юборишни қизғанишади
Ҳозирги замон тиланчилари ҳам илгариги авлодларидан анча фарқ қилади. Улар ҳам замонга мослашиб олишган. Биринчидан, ҳозир қишлоқ оралаб юрадиган тиланчилар орасида биз илгари кўрган эркак тиланчилар йўқ. Уларнинг ўрнини ҳозирда аёллар эгаллашган. Тўғри, қишлоқ оралаб тиланчилик қилиб юрган аёллар ҳам бир қўлида таёқ, иккинчи қўлида эса елкасига тўрхалта илган ҳолда юришади. Фарқи шуки, ҳозирги тиланчи аёллар бирор-бир хонадонга кириб борсалар, мабодо хонадон эгаси уларга битта нон берса, “бизга нон эмас, нақдини беринг” деб талаб қилишади.
Баъзида қизиқсиниб улардан турмуш шароитлари яхши бўлсада нима учун бундай ишлар билан шуғулланишга чек қўйишмаётганликлари ҳақида сўрайман. Шунда улар, “нима қилайлик, бу ота-бобомиздан қолган удум”, дейишади. Ҳақиқатдан ҳам шундаймикан?
Жамиятимизда эскилик сарқитларига, бўлмағур удумларга, исрофгарчиликларга қарши кескин кураш бошланганлиги сир эмас. Шундай экан, тиланчиларнинг ҳам оиласи моддий ва маънавий жиҳатдан бошқа фуқароларникидан кам эмаслиги, улар ҳам бошқалар қатори илм олиш, сайловларда қатнашиш ва бошқа барча жараёнларда бемалол иштирок этиб, фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланишлари мумкин бўлган ҳолда нима учун тиланчилик қилишмоқда? Улар яшайдиган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини аъзолари, фаоллари, профилактика инспекторлари, жамоатчилик назорати масъуллари нима учун бевосита жойнинг ўзида тарбиявий, профилактик, тарғибот-ташвиқот ишларини намунали тарзда ташкил этишмайди? Нима учун кўча ўртасида туриб, транспортлар ҳаракатига ҳалақит бераётганликлари учун жойлардаги йўл-патрул хизмати ходимлари, участка нозирлари уларга нисбатан қонуний чоралар кўришмайди? Бозор атрофлари, аҳоли гавжум жойлар, темир йўл кўприги ва бошқа жойлардаги мана шундай жамиятимиз кўркига доғ тушираётганларга нисбатан ўз вақтида қонун доирасида чоралар кўрилмас экан, уларнинг сафи кундан-кун камайиш ўрнига кўпаявериши шубҳасиз.
- Маҳалламиз ҳудудидаги “Тумановул” қишлоғида ҳам 70га яқин оилада 300 нафардан зиёд фуқароларимиз (маҳаллий халқ тили билан айтганда, мўлтонилар) истиқомат қилишади, - дейди “Мингчинор” МФЙ раиси Саодат Аллаёрова. - Илгари уларнинг аксарияти турли ҳудудларда юриб, қишлоқлар оралаб, тиланчиликни касб қилиб олишган эди. Биз улар истиқомат қиладиган кўча оқсоқоллари билан бамаслаҳат иш олиб бориб, мунтазам тарғибот ва назорат ишларини йўлга қўйганлигимиз сабабли ҳам айни пайтда уларнинг аксарияти фермер хўжаликлари, “Тоза ҳудуд” корхонаси, Ободонлаштириш идораси ва бошқа мавсумий жамоат ишларига жалб қилинган. Илгари уларнинг фарзандлари мактабларда ўқимаган бўлса, ҳозир барча мактаб ёшидаги болалари умумий ўрта таълим масканларида бошқа болалар қатори илм олишмоқда. Балоғат ёшига етган йигит-қизларига эса фуқаролик паспорти берилмоқда. Турмуш қуришаётган ёшлари никоҳни қайд этиш идораларида рўйхатдан ўтишмоқда. Аҳоли гавжум жойларда тиланчилик қилаётганларнинг аксарияти қўшни Жомбой туманидан келаётганлар. Тан олишимиз керак, улар орасида бизнинг маҳалла фуқароларидан айримлари ҳам бор. Биз улар билан алоҳида шуғуланмоқдамиз. Маҳалламиздаги профилактика инспектори, кўча оқсоқоллари, маҳалла хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси билан биргаликда улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориб, келгусида уларни ҳам фойдали жамоат ишларига жалб қилишни мақсад қилганмиз.
- Кўча-кўйларда, аҳоли гавжум жойларда ўтган-кетганлардан садақа сўраб тиланчилик қилиш халқимиздан ҳам, ҳеч бир ота-бобомиздан ҳам қолган удум эмас, - дейди ҳудуд оқсоқоли Ниёз Ҳамроев. - Ўн йилдан буён қишлоқ оқсоқоли вазифасида иш юритиб, қишлоғимиздаги фуқароларимизни фойдали меҳнат билан шуғулланишга жалб қилиб келаяпман. Айни пайтда фарзандларимизнинг барчаси туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлиб, барча қатори мактабда илм олиш билан шуғулланишмоқда. 17 ёшдан ошган барча фуқароларимиз фуқаролик паспортига эга. Аксарияти иш билан таъминланган. 35-40 нафар уюшмаган ёшларимиз мавсумий ишга, 7-8 нафари “Тоза ҳудуд” ташкилотида жамоатчилик асосида ишга жалб этилган. Қишлоғимиз фуқаролари барча тўй ва маросимларни, маъракаларни маҳалла фаоллари, кўча оқсоқоллари, нуронийлар билан бамаслаҳат ўтказишмоқда.
Маълумки, туманимизга кўпгина давлатлардан турли хил юмушлар билан ташриф буюраётган зиёли инсонлар, зиёратгоҳларимиз, диққатга сазовор жойларимиз билан танишиш истагидаги кишилар тез-тез ташриф буюриб туришади. Кўчалардаги садақа сўраб юрганларга кўзи тушган меҳмонларда фуқароларимизга нисбатан нохуш фикрлар уйғотмаслик учун барчамиз бир бўлиб ҳаракат қилсак фойдадан ҳоли бўлмайди.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.