Ун ва нон ҳарид қилиш учун аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож
қатламига компенсация пули тўланади
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларида аҳолининг реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимояга олиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу мақсадда жорий йилнинг 13 сентябрида Вазирлар Маҳкамасининг дон, ун ва нонни сотиш, шунингдек, мамлакатнинг донни қайта ишлаш тармоғига бозор механизмларини жорий этиш, ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига қўшимча харажатларни қоплаш учун компенсациялар тўланиши ҳақидаги 731-сонлиқарори эълон қилинди.
Эндиликда қарорга кўра, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб ёшга доир, ногиронлик бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болалигидан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, ногирон бўлган 16 ёшгача болаларга нафақа, шунингдек, ёшга доир пенсиянинг белгиланган миқдоридан кам пенсия ва нафақа бўйича, ҳар бир бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича нафақа олувчи ҳар бир оила, ўзини-ўзи бошқариш органлари орқали моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилага ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик компенсация пули тўланиши белгиланди.
Ҳозирги пайтда туманимизда жами 15215 нафар пенсия ва ижтимоий нафақа олувчилар мавжуд бўлиб, шундан 2018 йил октябрь ойига 6766 нафар турли тоифадаги пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларга 134 363 915 - 00 сўм миқдорида компенсация пули молиялаштирилиб тўланмоқда.
Бундан ташқари, қарорда 2018 йил 15 сентябрдан бошлаб республикамиз ҳудудида бир килограмм 1-нав буғдой унини улгуржи сотиш нархи 1400 сўм миқдорида қилиб белгиланди. Шунингдек, 2018 йил 1 октябридан бошлаб 14 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга болалар сонидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан белгиланадиган нафақа энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан бир нафар фарзанди бўлган оилага – 60 фоиз, икки нафар фарзанди бўлган оилага – 100 фоиз, уч нафар ва ундан кўп фарзанди бўлган оилага – 140 фоиз қилиб белгиланди. Яна, туманлар (шаҳарлар) ҳокимларига кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш шартларига мувофиқ, 2019 йил 1 январгача ҳокимликларнинг заҳира жамғармалари, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) бюджетлари даромадлари прогноз параметрларининг ошириб бажарилишидан тушган маблағлар ҳисобига оиланинг ҳар бир аъзоси ҳисобга олинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида пул компенсацияси ажратиш ҳуқуқи берилди.
Норбўта ЭРМАТОВ,
туман бюджетдан ташқари Пенсия
жамғармаси бўлими бошлиғи
ўринбосари.