Орамизда шифо истаб шифокорга мурожаат қилмаган, шифокордан маслаҳат олмаганлар камдан-кам учраса керак. Ўз соғлигини ўйлаган одам аввало, барча гигиеник талабларни бажариб, доимо шифокор маслаҳатига амал қилади. Биз шифокорларнинг эса асосий мақсадимиз - фуқароларимизни жисмонан соғлом, бақувват ҳолда узоқ умр кўришлари учун ўз хизматларимиз ва маслаҳатларимизни аямаслик.
Айни пайтда туман Тиббиёт бирлашмасида 234 нафар олий маълумотли шифокор ва 786 нафар ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходимлари туманимизнинг 178 мингдан ортиқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишмоқда. Сўнгги йилларда бирлашмамиздаги ходимларнинг касб малакасини ошириш, тажрибали, олий тоифали мутахассисларни кўпроқ жалб қилишга асосий эътибор қаратаяпмиз. Шу мақсадда мутахассис ходимларимиздан 23 нафари жорий йилда Самарқанд тиббиёт олийгоҳи шифокорлар малакасини ошириш институтида малака ошириб қайтишди. 1 нафар шифокор Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида малака ошириб келди. Бундан ташқари, Самарқанд ва Тошкент тиббиёт олий таълим муассасаларининг 8 нафар битирувчилари ва 2 нафар тор соҳа мутахассислари иш билан таъминланди.
Ҳозирда бирлашмамиздаги мавжуд 18 та ҚВПларни оптимизациялаштириш натижасида 2 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилиниб, 6 турдаги тор соҳа мутахассислари (терапевт, педиатр, жарроҳ, акушер-гинеколог, стоматолог ва УТТ мутахассиси) фаолияти ташкил қилиниб, 1 та КТМП, 2 та ҚОП, 8 та ҚВП бирламчи тиббий санитария муассасалари томонидан тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Бирлашмамиз қошида фаолият юритаётган шошилинч тиббий ёрдам бўлими эндоскопик текширув хоналари, замонавий рақамли рентген аппарати билан жиҳозланган рентген текширув хоналари муолажа, хуқна хоналари, санузеллар ва ёрдамчи хоналардан иборат. Бўлимга жорий йилнинг шу пайтига қадар 1998 нафар бемор қабул қилиниб, шундан 1867 таси даволаниб чиқди. Қолганлари даволанишни давом эттириш мақсадида бошқа бўлимларга ўтказилди. Бир нафар беморнинг ўртача даволаниши 4-5 кун бўлиб, даволаниши учун 38170 сўм сарфланади. Бирлашма қошидаги мавжуд 2 та ҚОП қошида жами 6 та тез тиббий ёрдам шахобчалари ташкил этилган бўлиб, 10 та тез тиббий ёрдам автомашиналаридан 3 тасига GPS-кузатиш мосламалари ўрнатилган.
Туманимизда истиқомат қилаётган 63 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларга 10 нафар ижтимоий ходимлар томонидан уйда ижтимоий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Ҳозирга қадар 1 нафар уруш қатнашчиси ва 35 нафар меҳнат фронти фахрийлари, 10 нафар ёлғиз кекса пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг бошқа заиф қатламлари сиҳатгоҳларда бепул даволанишди. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлардан жами 15 нафарига 9 маротабадан 15 турдаги озиқ-овқат ва гигиена маҳсулотлари етказиб берилиб, ушбу мақсадлар учун жами 22 миллион 210 минг сўм бюджет маблағлари сарфланди. Реаблитация техник воситаларига муҳтож ногиронлиги бўлган шахслардан 13 нафари ногиронлар аравачаси, 2 нафари эшитиш мосламаси, 12 нафари қўлтиқ таёқ, 12 нафари ҳасса билан таъминланди.
Мутахассисларимиз томонидан оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш ҳам асосий эътиборда. Йил бошидан шу пайтга қадар туғма гипотериоз, фенилкетонурияни аниқлаш, олдини олиш бўйича 2144 чақалоқлардан қон намунаси олиниб вилоят Скрининг марказида скрининг текширувидан ўтказилди. Акушерлик патологияси бўлган 82 та ҳомиладор аёллар ҳомиладорлиги муддатидан илгари тўхтатилди.
Келгуси йилда тумандаги КТМП, 2 та ҚОПларни УТТ аппаратлари билан таъминлаш ва ТМШ тез тиббий ёрдам бўлими бригадаларини замонавий ЭКГ аппаратлари, кардиостимулятор, портатив ИВЛ аппарати билан таъминлаш ҳамда Инвестиция дастури бўйича Ипак йўли, Навоий ҚВПлари биносини янгидан қуришни режалаштирганмиз.
Эришгаётган ютуқларимиз билан бирга олдинда ҳали амалга оширишимиз лозим бўлган ишлар ҳам талайгина. Бирлашма қошидаги “Бешариқ”, “Булунғур”, “Амир Темур”, “Ғўбдин” ҚВПларини жорий таъмирлаш, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш учун янгидан 2 та ИВЛ аппарати, 1 та наркоз аппарати, 2 та УЗД аппарати, 1 та операция столи билан таъминлашимиз лозим. Бундан ташқари, ҳомиладор, ёш болали аёллар ва чақалоқларга кўрсатилаётган перинатал ёрдамни такомиллаштириш, оналар ва болаларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида туғруқ бўлимларини замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари ва анжомлар, жумладан, чала туғилган чақалоқларни парвариш қилиш учун NSPAP, кювез, кўчмали кювез, иситиш столлари, инфузомат, фототерапия, сунъий нафас бериш аппаратлари, замонавий УТТ, кардиотокограф, доплер аппаратлари билан таъминлашимиз зарур.
Бир сўз билан айтганда Гиппократ қасамёдига содиқ қолиб, халққа намунали тиббий хизмат кўрсатишни мақсад қилганмиз.
Искандар ҲАМРОЕВ,
туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори,
тиббиёт фанлари номзоди.
Суратда: туғруқ бўлими чақалоқлар интенсив палатаси шифокори Гулнора Хўжаева (чапда) ва ҳамшира Зоҳида Тиллаевалар чақалоқни кўздан кечиришаяпти.