Халқимиз орасида айрим сабабларга кўра ҳамда эҳтиётсизликлари сабабли баъзи фуқароларимиз мол-мулкини, буюмларини йўқотиб қўйган пайтларда шошилганларидан ақл-ҳушларини ҳам йўқотиб қўйишади. Шу туфайли ҳам бундай кишилар шундай вазиятларда ақл билан иш тутиб, маҳалла фаоллари билан фикрлашиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиш ўрнига дарҳол “дами кучли, энг билағон” фолбинларнинг манзилларини олиб, улар ҳузурига ошиқишади. Улар назарида ҳозир борса фолбин йўқотилган мол қаерда турганлиги, ким, қачон, қандай вазиятда олиб чиқиб кетишганини, ҳаттоки ўғрининг афт-ангорини ҳам тусмоллаб айтиб беришларига ишонишади. Бундай вазиятларда йўқчи фолбиннинг барча шартларига сўзсиз амал қилади. Хизмат ҳақини айтганидан-да зиёд қилиб беришади. Шундоқ ҳам молидан ажралган фуқаролар у фолбиндан бу фолбинга қатнайвериб, яна ортиқча харажатларга тушаётганликларини ҳис қилишмайди.
Ҳар бир фолбин ўзи хоҳлаганича фол очади. Бири карта билан, яна бири сувга қараб, бошқаси эса ойнага, кофега қараб фол очиб, мижозларни ишонтиришга ҳаракат қилишади. Фолбинларнинг ёлғон маълумотларига ишониш натижасида ҳам мол-мулкидан, ҳам маблағидан ажралган кўпчилик фуқароларнинг оиласида нотинчликлар юзага келаяпти, ака-ука, қуда-андалар ўртасига совуқлик тушаяпти. Жамиятдаги кишиларнинг бир-бирларидан бадгумон бўлиши каби нохуш ҳолатлар ҳам ана шу фолбинларнинг ёлғон хабарлари натижасида вужудга келаяпти.
Жамиятимиздаги баъзи кишилар ружу қўйган, эътиқодга зид бўлган амал фолбинлик билан шуғулланишдир. Фолбин ғайбни билишини даъво қилади. Фолбинга борган киши бунга ишонади ва оқибатда иккиси ҳам оғир гуноҳкор бўлади. Динимизда фолбинларга ишониш қаттиқ қайтарилган ва бу ширкка тенглаштирилган. Ғайбни билиш ва инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақатгина Аллоҳ таолога хосдир. “Аъроф” сурасининг 188-оятида шундай дейилган: “Айтинг: “Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидурман” дейилган.
Мусулмон киши фолбинларнинг гапига ишониши, уни тасдиқлаши соф ислом ақидасига зид эканлигини билиб олмоғи лозим. Расуллуллоҳ с. а. в. дан фолбинлар ҳақида сўрашди. Ё. Расулуллоҳ! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? –дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, деб жавоб берадилар (Имом Бухорий ривояти). Пайғамбаримиз с.а.в. дан фолбинларга бориш ва уларга ишонишдан қайтаришга оид кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Раулуллоҳ с.а. в. дедилар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапини тасдиқласа қирқ кунлик намози қабул бўлмайди” (Имом Муслим ривояти).
Маълумки, динимизда фолбинликнинг қораланишининг боиси, унинг жамият учун бир қанча моддий, маънавий, ахлоқий, эътиқодий зарарлари борлиги учундир. Зеро, фолбинлик орқали топилган мол ҳаром, фолбинга берилган пул исрофдир. Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи инсофу тавфиқ бериб, бундай шариатимиз ман этган ишлардан йироқ бўлмоғимизга муяссар айласин.
Тўлқин РАВШАНОВ,
туман имом хатиби.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти” мухбири.