Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратаркан, уларга ер юзини макон тутиб, ундаги жамики неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришни амр этди. Бундан ташқари, бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этади: “Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этдим. Агар менинг неъмат(лар)имни санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”.
Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир. Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка ва шу билан бирга имкон қадар келажак авлод учун авайлаб асрашга чақиради. Бошқа бир ояти каримада эса бундай марҳамат этади: “...Шунингдек, еб-ичингиз, лекин исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмас. Аллои таоло шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида муҳтожларга ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз!
Дархақиқат, исрофгарчилик Ислом оламида, динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг атрофдаги кишилар ғашига тегувчи беъмани қилмишлари ҳақида яна бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади: “Бахиллик қилиб қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. Исрофгарчилик қилиш билан уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.
Бизларнинг бугунги кунда қилаётган дабдабали маросимларимизни саховатлик рамзи деб бўлмайди. Саховат деб дарҳақиқат эҳсонга муҳтож бўлган одамга қилинадиган яхшиликка айтилади. Бева-бечораларга бериладиган таомга саховат дейиш мумкин. Бизнинг тўйларимизга ташриф этишаётган минг-минглаб кишилардан қанчаси сиз-биз яхши билган кам таъминланган оилалар соҳиблари бўлиши мумкин? Бизнингча, бундай тоифадаги оилалар кўп ҳолларда бундай дабдабали тўйларга умуман айтилмаса ҳам керак. Тўғрироғи, бундай кишиларни нафақат зиёфатга айтишни ўзимизга эп кўрамиз, балки уларни кўриб кўрмасликка ҳаракат қиламиз. Улар билан яқинроқ таниш-билиш бўлишни эса ўзимизга ор деб биламиз. Зеро, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам "Таомларнинг энг ёмони қорни очлар чақирилмай, қорни тўқларга едирилгани", деганлар.
Халқимиз тўй-маъракаларни, турли муносабатлар билан ўтказиладиган турли хил каттаю-кичик маросимларни, шодиёналарни жуда хуш кўради. Бу менталитетимизга хос ва мос бўлган жиҳат, албатта. Бироқ, шуни унитмаслик керакки, тўй-маросимларимизни меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда тартибли ўтказиш давримизнинг юксак талабларидан биридир. Ҳукуматимиз раҳбариятининг бу ҳақдаги барча кўрсатмаларига, талабларига, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бу борадаги фатволарига амал қилган ҳолда иш тутишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. Шундай экан, тўйларимизда ҳуда-беҳуда сарфланаётган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг, тўй болаларнинг келажакда асқотадиган эҳтиёжлари учун, шунингдек, рўзғорда ишлатиладиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса, кам таъминланган оилалар учун хайр-эҳсонлар қилинса, мурувватлар кўрсатилса айни савобли иш қилинган бўлур эди, иншоаллоҳ!
Тарихий диний манбалардан маълумки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотидан йиллар ўтиб, бир куни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуни қовурилган қўй гўштига таклиф қилишганида, кўзларига ёш келиб, Аллоҳнинг элчиси бу дунёдан бундай таомни кўрмасдан ўтдилар, мен қандай қилиб бу таомингизни тановвул қилурман, дея бурилиб кетган эканлар...
Исрофгарчиликка йўл қўймасимиздан олдин юқоридаги ўгитларга амал қилсак, фойдадан холи бўлмасди, албатта. Аллоҳ таоло жаннатмакон диёримизни тинч-осойишта қилсин, меҳмондўст халқимизни доим саломат қилсин. Қилаётган эзгу амалларимизни ўзи даргоҳида қабул айласин.
Жасур ХУШБОҚОВ,
“Бешариқ Чангал” жоъме
масжиди имом хатиби.