Математика фанида ҳали ечилмаган жумбоқлар кўп. Турли масалалар бўйича кутилмаган хулосалар чиқариб, мисолларга турли ноанъанавий йўллар билан ечим топиш мумкин.
Айниқса, бугунги ёш авлоднинг билим олишга иштиёқи, интилиши ва қизиқиши баландлиги кишида фахр уйғотади. Ўқувчиларнинг янада чуқур билим олишлари учун ўқитувчининг дунёқарашини кенгайтирувчи, фавқулодда теран фикрларга ундовчи усулларга таянишимиз лозим.
Мен ўқувчиларимни математика фанига қизиқтириш учун методик қўлланмалардан ташқари оғзаки кўпайтириш, қўшиш, бўлиш усулларидан кенгроқ фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ўзлаштириши суст бўлган ўқувчиларга алоҳида эътибор қаратиб келаман. Улар билан дарсдан сўнг алоҳида шуғулланаман.
Фанларни аъло ўзлаштираётган ўқувчиларни суст ўзлаштираётган ўқувчиларга бириктириб бораман. Мактабимизда синфлар аро мусобақалар ташкил этиб, ғолиблар аълочилар тахтасидан жой олишларига имконият яратаман.
Бир сўз билан айтганда ёш авлоднинг булоқ каби қайнаб келаётган истеъдодларини юзага чиқаришлари ҳамда оламшумул ихтиролар яратишларида ноанъанавий ва оддий усуллардан кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қиламан.
Зеро, мақсадимиз ҳам ёшларга чуқур билим беришдан иборат.
Лола ЭШМУРОДОВА,
12-умумтаълим мактабининг
математика фани ўқитувчиси.