Ҳаётга чуқурроқ назар солиб, кенгроқ мушоҳада юритадиган бўлсангиз, ўзини тутиши, юриш-туришида ана шунга гувоҳ бўласиз.
Манманлик, кибр-ҳаво инсон фазилатини безамайдиган қусурлардан биридир. Эътибор берсангиз, ҳаётимизнинг ҳар қадамида ана шу қусурга дуч келасиз. Ҳатто кўчадаги тиланчи ҳам ўз билганича манманлигини, кибру-ҳавосини билдириб туради. Амалдор ва пулдорларни кўз олдингизга келтираверинг.
Тождорвирус тарқалиши муносабати билан жорий этилган карантин тизими амалиётида ҳам қандайдир манманлик, кибр-ҳаво аломатларига тез-тез дуч келамиз. Оддий ниқоб тақиш талабига муносабатни кўз олдингизга келтиринг: ҳар куни телеэкранларда ниқобини иягидан пастга тушириб юрганлар ёки умуман уни тақишни “ор” деб биладиганлар ва уларнинг бу талабга муносабати такрор-такрор намойиш этилади.
Ўйланиб қоласан киши, ниқобни сен ким учун тақасан - уни тақишни талаб қилаётганлар учунми ёки ўзингни асраш учунми? Афсуски, бу саволни кўпчилигимиз бир-биримиз у ёқда турсин, ўз-ўзимизга ҳам бермаймиз.
Яқинда телеканаллардан бирида бозорда ниқобини иягига тушириб олган сотувчи ва бошловчи ўртасида шундай қисқача суҳбатнинг гувоҳи бўлдик. “Нега карантин шароитида ниқобингизни иягингизга тушириб савдо қиляпсиз”, - деб мурожаат этди журналист сотувчига. Сотувчи нима деди, эътибор беринг: “Мен кун бўйи шу ерда тураман. Тоза ҳаводан ҳам нафас олишни ман қиласизларми?!”.
Мана шу кичик мисолнинг ўзидан ҳам қонимизга сингиб кетган манманлик, кибр-ҳавонинг салбий кўринишлари сезилмаяптими?
Карантин талабининг асоси бўлган ниқоб тақиш негадир кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётганлиги оқибатида орамизда манфур касаллик авж олмаяптими? Бу салбий феъл-атвордан холи бўлган инсонни учратиш қийин бўлса керак. Чунки, ёшми-қарими, ким бўлишимиздан қатъи назар, қонимизда ана шу “касаллик” унсурлари бор. Ўзимиз сезган ва сезмаган ҳолда кўпинча манманлик ва кибр-ҳавога берилиб кетамиз. Майли, ўзаро муносабатларда бу камчиликларни кечириб ўтишимиз мумкиндир, бугунги қийин пандемия шароитида оддий ниқобсиз кўчага чиқиш, ниқобдан фойдаланишда оддий тартибга риоя этмаслик ҳолатларини қандай баҳолаш мумкин? Нега, ниқобсиз юрибсиз, деб бирорта ҳамюртингизга мурожаат этсангиз таниш бўлса: “Ҳа, энди...”, деб жавоб қайтаради. Бегона бўлса-чи, “жавобни” қўшқават қилиб олаверасиз!
Манманлик, кибру-ҳаво каби иллатлар қонимизга сингиб кетган экан, ундан яқин орада қутулишимиз амри маҳол кўринади. Бу иллатдан қутулиш учун энг аввало, ота-боболаримиз тутган йўлдан боришимиз лозим. Оилада тарбиядек муҳим бир ижтимоий тарози борки, унинг палласи ҳеч қачон енгиллик тарафга кўтарилиб кетмаслиги керак. Кейинги даврда кун кўриш, рўзғор тебратиш баҳонасида фарзандлар тарбиясидан анчайин йироқлашиб кетдик. Тарбия фарзандларнияхши кийинтириш, қорнини тўқ қилишдек вазифадан иборат, деган тушунча пайдо бўлди. Ҳолбуки, бурунги алломаларимиз, авлиёларимиз камол топган даврда ота-оналаримиз уларнинг устуни бут, қорнини тўқ қилишга қийналишган бўлишса-да, уларнинг маънавий қалбини тўйдиришга имкон топишган: эртак ва афсоналар, кечаги кун ҳангомалари... буларнинг бари тўшакдаги оч болаларнинг қулоғига овқат каби қуйдирилиб, онгига сингдирилган. Шу боисдан ҳам ота-боболаримиз маънавий жиҳатдан тўқ бўлганлар.
Қувондиқ ХАЛИЛОВ