Одам савдоси инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, дунё тараққиёти учун мутлақо ёт бўлган трансмиллий муаммо, жиноят саналади. Инсон табиат бойликларидан лаззатланиши, соғ-саломат, бахтли ҳаёт кечириши, кучли ва ақлли бўлиши учун ўзини-ўзи асраб авайлаши, ҳимоя қилиши ҳамда шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиши лозим.
Кейинги йилларда дунёнинг қатор мамлакатларида одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймокда. Айни пайтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган бу жиноят тури дунё миқёсида кенг тарқалган. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларни ташкил қилмоқда.
Бугунги кунда одам савдоси инсоннинг нафақат жисмоний кучини, балки уларнинг тана аъзоларини, ҳаттоки маънавий қадриятларини ҳам бозорда пуллаши ҳолатлари кузатилмокда.
Инсонлар бойлик ортириш мақсадида ўз яқинлари, қариндош-уруғлари, маҳалла-кўйда яшаб турган маҳалладошларини турли хил алдов йўллари билан Россия, Туркия, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа чет давлатларда яхши ҳақ тўланадиган ишларга жойлаб қўйишни ваъда қилиб, ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб, сотиб юбормокдалар. Бундай ҳолатлар мамлакатимизда ҳам мавжудлиги миллатимиз фожеасидир. Айниқса, бу ишларда бевосита жабрланувчи бўлиб қолаётганларнинг аксарияти аёллар эканлиги ачинарли ҳолатдир. Аёлларга чет давлатларда яхши ҳақ тўланадиган ишларга жойлаб қўйишни ваъда қилиниб, улар чет давлатларда сотиб юборилаётганли ва натижада аёллар фоҳишаликка мажбур қилинаётганлиги мудҳиш ҳолдир. Фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилинган аёллар эса аср вабосига айланган одам иммуннитети танқислиги вирусини (ОИВ) юқтириб олишмокда. Одам иммуннитети танқислиги вирусининг яширин даври 6-9 йил давом этишини инобатга олсак, бу давр мабойнида улар кўплаб инсонларга, ҳатто ўзи билмаган ва хоҳламаган ҳолда оиласига келиб, оила аъзоларига юқтиришига сабаб бўлаяпти. Бу эса фожеа устига фожеадир. Шунингдек, чет давлатларга пул топиш илинжида кетган эркакларнинг сотиб юборилиши оқибатида улар шароитлари ночор ҳолатда бўлган нам, совуқ шароитларда ишлаши, ер тўлаларда яшаши, тўйиб овқатланмасликлари оқибатида турли хил юқумли ва сурункали касалликлар орттириб келаётганлиги ҳам ҳақиқат. Айниқса, жинсий йўл билан юқадиган ОИВ инфекцияси, заҳм касалликлари ҳамда зах жойларда яшовчилар орасида сил, сурункали простата безининг яллиғланиши туфайли бепушт бўлиб қолаётган йигитларнинг аҳволи ачинарли, албатта.
Кузатишлар шуни кўрсатдики, асосан 20-25 яшар йигит-қизлар бу иллат домига тушиб қолишлари эҳтимоли юқори ҳисобланади.
Баъзи бир инсонларнинг ҳуқуқий маданияти етарли даражада эмаслиги ҳам уларнинг одам савдоси қурбонига айланишига сабаб бўлмоқда. Айрим нопок ҳамюртларимизнинг ғайриинсоний ва ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли енгил иш топиш орзусида бўлган, тез вақт ичида моддий муаммоларни ҳал этиш илинжида юрган одамлар ҳар хил алдов йўллари билан ушбу жиноят қурбонларига айланиб қолишмоқда. Айниқса, фуқароларимизнинг соддалиги ва ишонувчанлиги, аксарият аёллар дунёқарашининг торлиги, сайёзлиги оқибатида билиб билмасдан одамфурушлар "тўр"ига илинишларига замин яратилмокда.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошида Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази ташкил қилинган. Ушбу марказ одам савдоси жабрдийдаларига кечиктириб бўлмайдиган тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа ёрдам кўрсатиб келмоқда ҳамда қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, озиқ-овқат, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари билан таъминламоқда. Шунингдек, одам савдоси жабрдийдалари хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг қариндошлари билан мулоқот ўрнатишида кўмаклашиш йўлга қўйилган. Одам савдоси жабрдийдаларига, уларнинг қариндошлари ва васийларига одам савдоси жабрдийдаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўғрисида ахборот бериш, ҳамда одам савдоси жабрдийдаларини ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш ишлари олиб борилмокда. Чет давлатларда бўлиб келган фуқаролар поликлиникаларда тиббий текширишлардан ўтказилиб, уларга соғлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳамда соғлом турмуш тарзи юзасидан тавсиялар бериб келинмоқда.
Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш илмий тадқиқот институти ҳамда унинг худудий филиаллари, туман ва шаҳарлардаги Саломатлик марказлари, даволаш-профилактика муассасалари шифокорлари ҳамкорлигида "Одам савдоси, унинг инсонлар саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солиши" юзасидан оммавий аҳборот воситалари орқали чиқишлар қилиниб, одамларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш юзасидан тарғибот ишларини олиб борилмоқда.
Чет элда ишлашни ҳоҳлаганлар учун қонуний йўлларни танлашни таклиф этамиз! Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига мурожаат қилинг!
Ноқонуний йўллар билан пул топаман деб соғлигингиз, ҳаётингиз ва оилангиз шаънига доғ тушурманг!
Зиёда САТТОРОВА,
кўп тармоқли марказий поликлиника
қошидаги “Саломатлик маркази” шифокори.