- Туманимиз ҳудудидан Зарафшон дарёси ва унинг ирмоқлари оқиб ўтади. Ирмоқлар ўтган ҳудудлар эса юқумли касаллик (қорин тифи) ўчоғи ҳисобланади, - дейди туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Толиб Ўсаров. - Шу сабабли вилоят Фавқулодда вазиятлар бўлимининг дала-ўқув машқлари шу ҳудуда ўтказилиши танлаб олинди. Ер қимирлаши натижасида сув тошқини пайдо бўлиб, қаттиқ ёмғир-сел келганда шу ҳудудларда юқумли касалликлардан қорин тифи кўпайиши мумкин. Шундай ҳолатлар рўй берганда тиббиёт ходимларидан тўғри ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишини таъминлаш, уларнинг билим кўникмаларини янгилаш ва тажрибаларини ошириш мақсадида Жомонжар қишлоғида ўқув-семинар ўтказилди.
Ўқув-машғулотлар доирасида Иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ва 6-умумтаълим мактабида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан ич терлама касаллиги тарқатилишининг олдини олиш мақсадида вилоят фавқулодда вазиятлар бўлими, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, туман Тиббиёт бирлашмаси, СЭС ходимлари ва шифокорлари билан ҳамкорликдаги тадбири бўлиб ўтди. Тадбир давомида вилоят юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Ражаб Муҳаммедов, туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Алиев, ТТБ бош шифокори Т. Ўсаров, ДСЭНМ бош ширфокори Д. Худойназаров, туман “Сувоқава” ДУК корхонаси бошлиғи Б. Файзиевлар юқумли касалликларнинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратилиши зарурлиги ҳақида гапириб ўтдилар.
Тадбир иштирокчилари спорт майдонларига ўрнатилган палаткаларнинг жиҳозланиши билан ҳам танишиб чиқдилар. Беморга биринчи ёрдам кўрсатиладиган қабулхона, таҳлилхона, бемор ётқизиладиган жой, дорихона, тоза ичимлик суви сақланадиган жой, ошхоналар кўздан кечирилди.
Махсус буйруқ берилгач “Тез ёрдам” машинасида бемор зудлик билан шифохонага келтирилди. Махсус кийимдаги шифокорлар беморни кабул қилишгач, махсус жойда “тез ёрдам” машинаси дезинфекция қилинди. Қабул қилинган бемор иссиғи ўлчаниб, тегишли кўрикдан ўтказилди ва керакли дори-дармонлар орқали эмланди. Тиббий кўрикдан ўтказилган бемор даволаниш учун махсус палатага жойлаштирилди. Бу ерда шифокорлар беморни таҳлил асосида даволашга киришдилар.
- Бу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад туманда юқумли касалликларнинг олдини олишдан иборат, - дейди вилоят юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Ражаб Муҳаммедов.
Фавқулодда рўй бериши мумкин бўлган бундай ҳолларда шифокорлар томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳақидаги бу тадбир иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: тадбирдан лавҳа.