Баъзида кутилмаган бахтсиз ҳодиса оёқ остидан чиқиб қолади. Унинг натижаси ёмон оқибатларга олиб келиш эҳтимоли кўпроқ бўлади. Олтибой Холиқов ҳам ўз бошқарувида бўлган “Нексия” русумли автоуловни бошқариб кетаётган чоғида йўлидан чиқиб қолган Ю.Салимовни туртиб юборди.
У тормозни қанчалик босишга уринмасин оралиқ масофанинг қисқалиги сабабли пиёдани уриб юборди. Шу заҳоти уни шифохонага олиб бориб, биринчи ёрдам кўрсатилишига кўмаклашди. Жароҳатнинг оғирлиги туфайли жабрланувчи шифохонада ҳаётни тарк этди. О.Холиқов марҳумнинг оила аъзоларига таъзия билдириб, моддий зарар ўрнини қоплади. Унинг иши судда кўриб чиқилганда марҳумнинг турмуш ўртоғи Д.Салимова буларнинг барчасини сўзлаб берди. “Ором” кафесида ишловчи Азиз Абдуқаҳҳоров ҳам гувоҳ сифатида тормознинг баланд овозини эшитиб, кўча томон қараганида нотаниш машина бир пиёдани туртиб юборганини ва дарҳол шифохонага олиб кетилгани ҳақида кўрсатма берди.
Ю.Салимовнинг оила аъзолари айбланувчидан даъвоси йўқлигини билдиришганидан сўнг суд О.Холиқовга нисбатан енгиллик беришга қарор қилди. Унга нисбатан уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди ва уч йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Икром МУРОДОВ,
туман прокурори ёрдамчиси.