Туман Тиббиёт бирлашмасида турли хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш мавзусида тез-тез турли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. 24 март – Бутунжаҳон силга қарши курашиш куни муносабати билан ўтказилган семинарда тиббиёт тизимида иш олиб бораётган барча бўлимлар, кўп тармоқли марказий поликлиника, 1 ва 2-сонли оилавий поликлиникалар, 8 та ҚВП ҳамширалари иштирок этишди. Семинарда сўзга чиқишган шифокорлар – фтизиатрлар Р. Бобонов, Д. Саримсоқова, “Саломатлик маркази” шифокори Ф. Ғуломова, бош ҳамшира Ф. Яхшилиқовалар сил касаллиги, унинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш, касалликни аниқлаш йўллари, дардга чалинган шахслар қандай муолажа олишлари зарурлиги хусусида батафсил тушунчалар беришди.
Семинарда таъкидландики, сил хавфли ва юқумли касаллик бўлиб, агар нотўғри даволанилса узоқ муддатга ишлаш қобилиятидан маҳрум қилиши, ногиронликка, ҳатто ўлимга олиб бориши мумкин.
Сил одатда ўпкага таъсир қилади ва киши йўталганда, акса урганда, гапирганда ёки тупурганда ҳаво орқали тарқалади.
Ўпка сили билан оғриган, лекин даволанмаётган киши йил давомида 10-12 та соғлом одамга касалликни юқтириши мумкин.
Силнинг белгилари:
- икки ҳафтадан ортиқ давом этувчи йўтал;
- кўкрак қафасида оғриқ бўлиши;
- иситма кўтарилиши;
- қувватсизлик;
- иштаҳа пасайиши;
- тунги терлаш;
- озиш. Бу белгилар бирор кишида сезилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиб,
тиббий кўрикдан ўтиши лозим.
Агар беморнинг сил касаллигига чалинганлиги тасдиқланса унинг яқинларига қуйидагиларни тушунтириш лозим:
- сил – бу уяладиган касаллик эмас;
- касалликни тўлиқ даволаса бўлади;
- касаллик бепул, давлат ёрдами билан даволанади.
Бемор белгиланган даволаниш муддати ва режимига тўлиқ риоя қилиши шарт. Шунингдек, бемор билан мулоқотда бўлган шахслар ҳам албатта, тиббий текширувдан ўтишлари керак.
Эътиборли томони шуки, агар касаллик ўз вақтида даволанса бемор тўлиқ тузалиш имконига эга бўлади.
Феруза ЯХШИЛИҚОВА,
туман Тиббиёт бирлашмаси
бош ҳамшираси.