“Мен ҳали оила қуришга тайёр эмасман”... Бу туман ФҲДЁ бўлимига никоҳдан ўтиш учун ариза билан мурожаат қилган ёш йигитнинг сўзлари эди. Йигит ва қиз аввалига оила қуриш ниятида ушбу бўлимга келишган. Орадан бироз вақт ўтиб фикри ўзгариб қолди.Улар нега бундай қарорга келяпти?
Оила, турмуш, рўзғор, фарзанд тарбияси – бу сўзлар қулоққа оддий, жўн эшитилади. Лекин ўзига яраша синовлари, қийинчиликлари, машаққатлари борлигини тушуниш учун оилангиз, қўшнингиз ёки қариндошингизнинг уйида бўлаётган воқеаларни кузатиб, мулоҳаза қилишингиз керак. Аслида ҳаёт аталмиш сирли хилқатда ҳар хил вазиятлар рўй бериши мумкин. Шундай экан кўзи етмаган ишга бошидан қўл урилмагани тўғрироқдир. Негаки, икки инсон бир-бири билан бир умрга тақдир йўлларини боғлар экан уларнинг феъли, дунёқараши, фикрлаши тўғри келиши, бир-бирини тушунишга ҳаракат қилиши керак. Шундагина сабрли, синовларга чидамли ва бардошли оила бўла олади. Аксинча бўлса, у ҳолда бундай оила узоққа бормай, тез орада парчаланиб, барбод бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.
Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 13-моддасига мувофиқ никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг ФҲДЁ бўлимига ариза берганларидан бир ой ўтгач қайд этилади, - дейди туман ФҲДЁ бўлими мудираси Маҳбуба Муртазоева. - Шу вақт оралиғида никоҳдан ўтиш учун ариза берган йигит-қизлар билан суҳбатлар ўтказилади. Бунинг боиси шундаки, улар бир ой муддат ичида оила қуриш учун тайёр ёки тайёр эмасликларини тушуниб етишлари учун вақт етарли бўлади.
Яқинда бир ҳолат кузатилди. Ўтказилган суҳбат чоғида ёшларга оила ва турмушнинг мураккаблиги, унга юзаки қараб бўлмаслиги, икки томон ҳам бирдек тайёр бўлиши лозимлиги айтилганди. Ушбу гаплардан ўзига тегишли хулосани чиқарган жуфтликлардан бири келиб “Биз ҳали оила қуришга тайёр эмас эканмиз, ҳарактеримиз бир-биримизга мос келмаяпти” деб қолди. Бунинг сабабини сўраганимизда улар яхшилаб ўйлаб кўришгани, ўртада бир-бири билан тиллашолмай, тортишиб қолиш ҳолатлари кўп бўлаётгани, характери ҳам бир-бирига мос эмаслигини англаб етишгани ҳақида айтиб, иккиси ҳам шу қарорга келганликларини билдирди. Ўз хоҳишлари билан уларнинг аризаси бекор қилинди ва яшаб кетиш эҳтимоли кам бўлган оила қурилишининг олди олинди, деб ўйлаймиз.
ФҲДЁ мудирасининг гапларини тинглаган киши балки ўша икки ёш турмуш қуришганида ўртадаги ўзаро келишмовчилик, тушунмовчиликлар барҳам топиб, бирга яшасалар ҳаммаси из-изига тушиб кетармиди, деб ўйлаши табиий. Бу борада М.Муртазоеванинг неча йиллик иш тажрибасидан келиб чиқиб, статистик ва таҳлилий маълумотларни мисол келтирганида юқоридаги ҳолатда қай даражада жон борлигини ҳам англайсан киши.
Ёш оилалар билан ишлашда эса МФЙларда ҳам яраштирув камиссиялари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, нотинч ва жанжалли оилалар билан суҳбатлар, тушунтириш ишлари олиб борилади. Ўзаро тортишув юзага келган вазиятда кекса авлод вакиллари билан биргаликда яраштириш чоралари кўрилади.
Яқинда бир йигит келиб, турмуш ўртоғи отасининг уйига кетиб қолгани боис яраштириш чорасини кўришимизни сўраб мурожаат қилди, - дейди “Ниёзмат” МФЙ отинойиси Гулчеҳра Дўстова. – Кейин билсак, ёш келин уйдан сўроқсиз чиқиб кетган. Куёв турмуш ўртоғини излаб қайнотасиникига борган. У ерда эса келин ва унинг ота-онаси майда-чуйда тортишувларни рўкач қилишган. Келинни қайтариб келиш учун фаоллар билан биргаликда иккисини юзлаштирдик ва арзимас тортишувлар оила бузилишига сабаб бўла олмаслиги тушунтирилди. Мана, бир неча ойдирки, улар тинч-тотув яшаб келмоқда.
Г. Дўстованинг сўзларига қараганда, оилавий жанжалларнинг келиб чиқиш сабабларидан бири оила, турмуш ва ҳаётга жиддий қарамаслик, шунингдек енгил характердан келиб чиқар экан. Оила борасида сўз борар экан, бу ҳақда динимизда нима дейилган. Дин пешвосининг ҳам сўзларига қулоқ тутамиз.
– Мусулмон динимизда “Қайси бир аёл беш вақт намоз ўқиса, рамозон рўзасини тутса, аёллик иффатини сақласа, эрига итоат қилса жаннатнинг хоҳлаган эшигидан кираверсин” (Пайғамбар с.а.в) дейилган, - дейди туман бош имом-хатиби Тўлқин ҳожи Равшанов. – Оила муқаддас. Уйланган йигитнинг зиммасида жуда катта масъулият, ҳам шараф, ҳам савоб бўлади. Аёл киши эрининг олдида бир оғиз гапдан қолса, доимо “Хўп бўлади” деб жавоб қилса, бу оилада тинчлик хотиржамлик бўлади.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.