Дунё ҳамжамиятини чуқур ташвишга солаётган, миллионлаб инсонларнинг умрини яксон қилиб, уларни маънавий жарликка итқитиб, наслини майиб-мажруҳ этаётган “заҳри қотил” – гиёҳванд моддалар савдоси кимларнингдир чўнтагини тўлдираётган бўлса, кимларнидир хорлик ботқоғига чўктирмоқда. Бундай фожиали ҳолатларга чек қўйиш, инсониятни ундан сақлаш бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб вазифаси.
“Хўжамазгил” маҳалла фуқаролар йиғинида гиёҳванд моддалар айланишининг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш, юртдошларимизни бу “заҳри қотил” балосидан сақлаш учун қандай ишларни амалга оширишга бағишланган тадбир ўтказилди.
Тадбирда Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси раиси ўринбосари Олим Нарзуллаев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги гиёҳванд моддаларни назорат қилиш Миллий маркази экспертлари Ҳотам Джалолов ва Бекзод Рўзимуродовлар сўзга чиқишиб, наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ маълумотларга тўхталишди ва бу иллатнинг инсонлар саломатлиги, ҳаёти учун хавфини жонли мисоллар билан кўрсатиб ўтишди.
Тадбир сўнгида “Интиҳо ёхуд йўқликка қараб” номли видеофильм намойиш этилди.
* * *
Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси раиси ўринбосари О. Нарзуллаев бошчилигидаги комиссия шу маҳалла ҳудудидаги Фармонтепа қишлоғида яшовчи, илгари гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган ва ҳозирда жазо муддатини ўтаб озодликка чиққан фуқаролар Ў. Б. ва С. Ш.лар хонадонига ташриф буюришиб, уларнинг ҳаёт тарзи, оилавий шароитини ўрганишди ва соғлом турмуш кечириш учун нималар қилишлари юзасидан тавсия ва маслаҳатларини беришди.
Ҳар икки тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этди.
Ўз мухбиримиз.