Гиёҳвандлик - кайф берувчи гиёҳванд моддалар ёки суньий тайёрланган моддани истеъмол қилиш, чекиш, ҳидлаш, танага суртиш ёки нина санчиш (инъекция) йўли билан қон томирларга юбориш билан ифодаланади.Гиёҳванд моддаларнинг аянчли хусусияти шундан иборатки, уларни бир марта татиб кўрган шахс қайта истеъмол қилишга мойил бўлади, 2-3 марта истеъмол қилиш эса уни гиёҳванд модда истеъмол этмай туролмайдиган ҳолатга дучор этади.
Гиёҳванд моддаларга афюн, морфин, наша, кокаин, кодеин, героин, гашиш ва бошқа сунъий тайёрланадиган заҳарли моддалар киради.Бу моддаларни узлуксиз қабул қилиш одамларда руҳий ва жисмоний ўзгаришларга олиб келади. Руҳий ўзгаришлар: уйқусизлик, хотира пасайиши, бош оғриғи, асабийлашиш ва кайфиятнинг бузилиши, жаҳлнинг тез чиқиши, чарчаш, фикрнинг тарқоқлиги ва бошқа асаб тизимидаги ўзгаришлар (ўзи билан ўзи гаплашади, алаҳсирайди, ўқишга лаёқатсиз бўлиб қолади) кузатилади. Соматик ўзгаришлар: қайт қилиш, ҳазм тизимининг бузилиши, нафас қисилиши, юрак безовталиги ва ҳоказолар. Хумор пайтида мушаклар сиқиши туфайли бемор ғужанак бўлиб қолади. Суяклари қақшаб оғрийди. Бу даврда беморда руҳий ўзгаришлар кузатилади. Моддий ва маънавий қашшоқликка юз тутиб, охири руҳий хасталикка чалинади. Шунингдек, унинг фарзандлари ҳам соғлом бўлмайди. Бундай чақалоқлар ақли заиф, юраги носоғлом, ногирон ва чала туғилади.
Гиёҳвандликдан қайтиш жуда оғир. Лекин, кўп нарса ўша беморнинг иродасига боғлиқ. Чунки, қанчалик оғир бўлмасин бу моддаларни истеъмол қилишдан қайтганлар бор. Ўзбек халқида ор-номус, оила шаъни кучли. Бундан ташқари, урф-одатлар, миллий қадриятлар ва маҳаллийчилик ҳам бу “вабо”дан халос этишда ўзига хос ўрин тутади.
Ғулом РАВШАНОВ,
вилоят наркология диспансери шифокори.
Абдураззоқ ХОЛБОЗОРОВ,
туман нарколог шифокори.