Инсон иммун тизимига эга. У танадаги махсус ҳужайралардан иборат бўлиб, юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи бактериялардан ва ўсма (рак)ни қўзғатувчи ҳужайралардан ҳимоя қилади. Агар инсондаги иммун тизими ўз вазифасини бажара олмаса, у юқумли ва ўсма касалликларига қарши кураша олмайди. ОИТС инсон танасини ана шундай хавфга дучор қилувчи дарддир.
ОИТСга чалинганлар касалликнинг илк босқичида бу дардга чалинганликларини ҳис этмайди. Фақат 6 ойдан сўнггина қон текшируви орқали ОИТСга чалинганликни аниқлаш мумкин. Бу дардга чалинган одамлар вирусни юқтирганига қарамай кўп йиллар мобайнида ҳам ўзларини яхши ҳис қилишлари ва соғлом кўриниши мумкин. Шу боисдан улар вирус ташувчи эканлигини билмаган ҳолда касалликни бошқаларга ҳам юқтиришлари мумкин.
ОИТС – инсон иммун тизимини ишдан чиқаради. Юқори иситма, кечқурунги терлама, ич кетишнинг бир ойдан ортиқ давом этиши, вазн йўқотиш ОИТСнинг белгилари бўлиши мумкин. Бу белгилар бошқа касалликлар белгиси бўлиши ҳам мумкин, шу боисдан бу белгилар безовта қилган киши дарҳол шифокорга мурожаат қилиши лозим.
ОИТС – давосиз касаллик. Бир қанча давлатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам ОИТС вируси тарқалишини сусайтирувчи ва инсон ҳаётини узайтирувчи дорилар мавжуд. Лекин, улар касалликни тўлиқ даволай олмайди.
Касалланган шахс билан жинсий алоқада бўлиш, зарарланган тиббий игна ва шпристлар ёрдамида дори-дармон ёки гиёҳванд моддаларни укол қилиш, зарарланган қонни қуйиш, касалликка чалинган шахслар фойдаланган лезвия, зарарсизлантирилмаган қулоқ тешиш ва татиуровка ускуналарини ишлатиш бошқаларга ҳам касаллик юқтирувчи омиллардир. Шунингдек, касал онадан болага ҳам ўтиши мумкин.
Касаллик озиқ-овқат, овқат тайёрлаш ва истеъмол идишлари, кундалик ёки ижтимоий мулоқот, ўпишиб кўришиш, ҳожатхонадан фойдаланиш, чивин ёки бошқа ҳашаротлар чақиши орқали юқмайди.
ОИТС касаллигини юқтиришдан сақланиш йўллари бор ва унга амал қилиш шарт. Тасодифий шахслар билан жинсий алоқадан сақланиш, шифохоналарда фақат стерилланган шприст ва игналардан фойдаланиш, бошқалар ишлатган шприст ва игналарни, шунингдек бошқалар ишлатган лезвияларни ишлатмаслик лозим. Татиуровка ва қулоқ тешиш асбоблари ҳам касаллик юқтириши мумкин.
Ер юзининг ҳамма давлатларида учраётган бу хавфли касаллик бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам бор ва ундан сақланиш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ.
Самижон ҒАНИЕВ,
вилоят ОИТСга қарши курашиш
диспансери шифокори.
Бувраҳима ХАШАНОВА,
Кўп тармоқли марказий
поликлиника шифокори.