Полғор қандай ном, жой ва шамол, унинг биз булунғурликлар ҳамда атрофимиздагилар учун қандай аҳамияти (фойдали томони) бор?
Ҳар бир жой, ном ва у қаерда ҳамда бундай табиий ҳодисаларни бугунги кун иқтисодий географ кўзи билан қараб баҳолайдиган бўлсак, ота-боболаримиз ўтган бир неча минг йиллар давомида атроф-муҳитни кузатиб (тарихи ва топономикаси билан қизиқиб,) тўплаган тажрибалар асосида яратган жуда катта маданий меъросни авайлаб-асраб бизларга қолдирганлигини кўришимиз мумкин.
Ҳеч бўлмагандан кеч бўлса ҳам, юнон донишманди Страбон айтганидек, “Агар биз ўзимиздан бурун бажарилган ишларга андак бўлса ҳам, янгилик қила олсак, шунинг ўзи биз бошлаган ишни маъқуллашга асос бўлади”, деган йўлни тутдим.
Ўтган асрнинг 70-йилларида бизлар ёш ўсмир болалар эдик. Ҳар йили ёз (саратон) келар-келмасдан то кузгача Булунғур сувидан чошгоҳдан намозшомгача чиқмай, кунига 2-3 марталаб қайта-қайта чўмилиб, бир-биримизга “Бугун мен мунча чўмилдим” деб мақтаниб юрардик. Шунда яна бир одат бор эди, ким олдин сувдан чиқиши билан тез кийиниши керак. Лекин ёши каттароқ болалар сувга шўнғишини пойлаб, уст-бошларини сув билан ҳўллаб, қаттиқ (маҳкам) тугиб қўярди. Сувдан чиқиб тез кийинаман десанг кийиминг бир аҳвол. Туғунни бир амаллаб, ечиб кийинганинггача баданларинг “товуқбадан” бўлиб кетарди. Камига яна совқотсин деб,
“Полғор шамол тур-а,
Яланғочни ур-а”
деб (ҳазиллашиб) шамолни бор овозлари билан чақирар эди. У вақтлар Полғорнинг нима учун Полғор, у қаерларда пайдо бўлган, қандай шамол, қаерларда эсишини ҳеч биримиз билмас эдик. Чунки бу шамол ҳақида биз ўқийдиган география дарсликларида бир оғиз ҳам гап ёзилмаган ва ҳали ҳам йўқ. Энди билсам Полғор шамоли пайдо бўладиган жой номи билан аталар экан.
Уни дастлаб Х асрда яшаган араб сайёҳи ибн Навқалнинг “Ернинг сурати” китоби, Мовароуннаҳр (Т., 2011) асари (231-б.) да “Барғар ёки Бурғар, яъни Парғар ёки Фарғар, Туркистон ва Зарафшон тоғ тизмалари орасида Зарафшон дарёсининг юқори оқим ҳавзасида жойлашган ал-Буттан тоғли ўлкасининг таркибига кирувчи туман, Муғ тоғидан топилган Сўғдча ҳужжатларда унинг номи “prur-cth” ва “prur-h” шаклларида қайд этилган. Панжикентда топилган VIII асрга мансуб мис тангаларида Франбоғ исмли Сўғдча ёзувда ҳам “prur” номи зарб этилган.
Х асрда Парғор маъмурий жиҳатдан Усрушана таркибига ҳам киритилган. Унда жойлашган Муғ тоғларидаги қалъа ҳам шу ном билан аталган. “Бобурнома”да Фалгар “Палгар” шаклида қайд этилган (32-б). Бу ном Сўғдча “pr-ur-” - тоғли ўлка (қадимий эронийча) пара-гари - “тоғ олди) маъносини билдиради. Бошқа фикрларга кўра Парғар номи санскритча виҳара -“буддавий ибодатхона” сўзи билан боғлиқ.
Ўрта аср форс изоҳли луғатларига кўра Фархор - Туркистондаги шаҳар, ундаги бутхона ҳам шундай аталган. Бу рустоқ (арабча туман) Фандарё водийси ва Искандаркўл атрофидаги ерлар, шунингдек Мастчо водийсидаги Оббурдон қишлоғидан Муғ тоғларигача бўлган ерларни ўз ичига олган бўлиб, ХХ аср бошларида ҳам Фалғор деб аталган. Ҳозирги Матчо номли қишлоқ ҳам унинг таркибига кирган, деб ёзилган изоҳдан ўқиб қолдим.
Кейин З.М.Бобурнинг “Бобурнома” (Т., 1989) асаридан 1500-1501 йиллар Самарқандни иккинчи бор олиш учун келиш воқеасида “Биз шаҳар ва вилояттин маҳрум, борар тураримиз номаълум.... камруд дарасиға (дарёсига) кириб юқори боқа юрдик. Танги ва учма йўлларда тунд ва тез кўталларда қалин от ва тева қолди. Уч-тўрт ора қўниб, Сиро тоқ кўталиғо еттук, кўтал ва ненов кўтал, ҳаргиз мундоқ баланд ва танг кўтал кўрилган эмас. Кўп ташвиш ва суубат била мухотара танги ва учмалардин ўтиб, юз ранж ва машаққат била мухлиқ баланд ва танг кўталлардин ошиб, Фон навоҳисиға келдик. Фон тоғларининг орасида бир улуғ кўл (Искандаркўл-С.Ж) тушубдур, муҳити тахминан бир шарий бўлғай, тавр кўлидур, ғаробаттинн холи эмас... . Хабар топдикким, Иброҳим тархон Шероз (Булунғур шаҳридан 1 км. шарқдаги шаҳар - С.Ж.) қўрғонини беркитиб ўлтурибтир. Ёрёйлоқ (Жарёйлоқ) қўрғонларида ҳам Қанбар Али ва Абдулқосим кўҳбурким, Хўжа Дийдорда эди, ўзбак (Шайбонийхон) Самарқандни олғонда Хўжа дийдорда тура олмай, Ёряйлоққа келиб қуюғи қўрғонларда эди, беркитиб ўлтурубтирлар. Фонни ўнг қўлда қўйиб Каштуд сори юрдук... Ёряйлоқ кентларидин Асфидак қўрғониға келдук... Бизнинг кишиларимиз яхши ва ёмон икки юз қирқ киши эди...
... номози пешиндин сўнг Ёряйлоқдин отланиб, кеча тун қотиб, ярим кеча Хонюртиға еттук. Ул оқшом эл хабардор бўлибтур деб қўрғоннинг ёвуғига келмай, Хон юртидин-ўқ ёнилди. Тонг отиб эдиким, Работи Хўжадин қуйироқ Кўҳак (Зарафшон дарёси) сувини кечиб, яна Ёряйлоқ келдук. Бир кун Афсидак қўрғонида (бўлдук) ...
Тенги рост келтирди, рост ўн тўрт кунда ўқ Самарқандни олдук” деб (73-75-б.) бу ўлка табиатини жуда мукаммал таърифлаган экан. Жойларни қайта-қайта тилга олишимизга сабаб мен айтаётган Полғор шамоли аслида шу ўлкаларда пайдо бўлиб, бугун ҳам ўша Бобур юрган йўллар орқали ва унинг изидан бизларга кириб келади. Уни география фанлари доктори (топономист) Ҳ.Ҳасанов ўзининг “Ер тили” (Т., 1977) асари (76-б.) да “Тожикистон тоғлари (Туркистон, Зарафшон тизмалари) Фалғар деб аталган, бу сўзнинг “тоғ этаги” деган маъноси ҳам бор” деб ёзган. Полғорни жой номи эканлигини айтган. Лекин у ҳам Полғорнинг шамол эканлиги тўғрисида тўхталмаган. Аслида Полғор шамоли бор бўлган табиат ҳодисаси бўлсада, шамол сифатида номаълум бўлиб қолаверган.
Полғоршамоли иқтисодий географлар тили билан айтганда, ҳеч қачон тугамайдиган ва энг арзон қувват олиш имкони бўлган, кўзга кўринмас хом-ашёдир. Бу Булунғур тумани учун яна бир Худонинг “ол қулим” деб берган инъомидир.
У табиий-географлар тилида, Булунғур туманининг жануби-шарқидан шимоли-ғарбига томон баъзан кучли (мавсум ва водийлардаги босимлар фарқига қараб) ва кучсиз (ер юзида, тепада қандай бўлади уни билмадим) деярли йил бўйи эсувчи шамолдир.
Тўғри, у Илонўти шамолидан кучсизроқ бўлиши мумкин. Лекин унинг ҳам афзал томонлари бордир. Минг афсуски, бундан ўн аср олдин араб сайёҳлари ўз китобларига жой сифатида киритган, лекин биз ҳалигача унинг шамоли бор эканлигини деярли билмаймиз. Тўғри, бу ҳақда Ҳ.Ҳасановнинг “Ер тили” китобида шундай жой бор эканлиги ҳақида қисқача бир жумлагина гап бор. Лекин у жуда кам. Уни ҳар томонлама, чуқур таҳлил қилиб, ўрганиш керак. Балки шунда келажак авлод ундан хабардор бўлиб, Полғор шамоли йўлига Ш.Э.С (Шамол электр станцияси) қуриб, энг арзон электр токи олса, шунда бизларни ҳам эслаб қолар.
Ўрганишимча, Полғор шамоли энг кучли Ғубор (?) да (“Ер сурати” китоби, 58-б.) эсади. У жой тахминан ҳозирги Зарафшоннинг “1-Май” тўғони атрофларига тўғри келади. Ғубор тўғрисида кўп изландим, лекин унинг маъноси тўғрисида ҳеч ким изоҳ айта олмаган экан. Шунда ўзимча топономистлик қилиб, Ғубор (сўғдча) “-ғу - шамол”, “бор -“тепа” деб изоҳладим. Шунда у “Сершамолтепа” деган жой бўлади деган хулосага келдим.
Унинг келажаги ҳақида гапирадиган бўлсак, яқин кунларда Булунғур, Ургут, Бахмал, Ғаллаорол, Жомбой ва қўшни Тожикистоннинг Панжикент туманлари учун энг арзон электр қуввати етказиб берадиган манба бўлиб қолишига ишонаман. Менинг энг катта ютуғим, уни фанга биринчи бўлиб шундай шамол бор деб киритаётганимдир. Бу иш худди машҳур рус сайёҳи Н.М.Прежевалскийнинг Марказий Осиё чўлларида олдиндан бор бўлган ёввойи отларни ўрганиб фанга киритганидек, яна бир янгиликдир. Ундан тезроқ фойдаланишни йўлга қўйиш эса бошқаларнинг ғайратига ҳавола.
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон халқ таълими аълочиси.