БУЛУНҒУРДА ШАМОЛ ЙЎҚМИ?
ёки жилон ўти шамолидан фойдаланишнинг географик асослари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг илм-маърифат кишилари бўлган олимлар билан учрашувида “Ўзбекистонда қуёшли кунлар камми?, Бизда шамол йўқми? Ундан фойдаланиш тўғрисида таклиф беринглар”, деб мурожаат қилган эди.
Менинг фикримча Булунғурда ШЭС (Шамол электр станцияси) қурса бўладиган жойлар мавжуд. Чунки, Булунғур тумани табиий географик ўрни жиҳатидан жуда қулай жойда жойлашган. Бу ерда бор бўлган иқлимий имкониятлардан бири доимий эсувчи шамол кучидан фойдаланиш бошқа туманларникидан анча юқори туради. Деярли йил бўйи доим эсувчи “Жилонўти” шамолини ҳаммамиз яхши биламиз. Мен бу ҳақда анча йиллардан бери таклиф бериб келаяпман. Лекин... ҳалигача бирон мутассадди ташкилот бу муҳим ишга жиддий муносабат билдирмади.
Маҳаллий халқ ўз шевасида “Жилонўти” деб атайдиган бу шамол ҳақида жуда кўп ривоятлар тўқилган. Нима учун уни “илон” деб номлаганига келсак, у ўзи билан “совуқ” келтиради, шунинг учун совуқлик маъносида илон номини олган ва “ўти” – эсди маъносида шундай аталган бўлиши керак.
Бу шамол доимий ўз йўлига эга бўлиб, шимоли-шарқдан жанубий-ғарб томонга қандайдир “ўқ”да эсади. Шундай экан жаҳон аҳли қайта тикланувчи муқобил энергия манбалари – қуёш, шамол, сув, геотермал (ернинг ички иссиқлиги), денгиз сувларининг қалқиши ва биомассалардан қандай бўлмасин қувват (энергия) олиш учун бош қотириб, манба излаб юрган бир вақтда биз учун тайёр имконият - “Илонўти” шамолидан фойдаланиш даври келди, деб ўйлайман.
Тўғри, техник жиҳатдан бироз маблағ кетади. Лекин, у ўзини қисқа муддатларда оқлайди. Балки халқимиз “тоққа чиқмасанг дўлана қайда” мақолини шундай ишларга нисбатан айтганлигини ҳам унутмаслик керак.
Ҳар бир воқеа ва ҳодисанинг тарихи бўлгани сингари шамол энергиясидан фойдаланишнинг ҳам ўзига яраша тарихи бор. Агар биз унинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, қадимда Миср, Яқин шарқ ва ўзимизнинг Ўрта Осиё халқлари ҳам шамол кучидан турли мақсадларда фойдаланиб келганлигини тарихий манбалардан ўқишимиз мумкин. Масалан, улар шамол кучидан фойдаланувчи тегирмонлар, лалми ерларга сув чиқарувчи чиғириқларда ва ҳатто яқин йилларгача шамолдан (донни сомондан ажратиш ишларида, майизни чўбарасидан ҳамда чанглардан тозалаш каби) кўплаб ишларда фойдаланганлигини кўрганмиз. Шунингдек, болаларнинг варрак учириб завқланиши ҳам шу шамолга боғлиқ.
Европага шамол қувватидан фойдаланиш Осиё халқларидан ўтган бўлиб, XII аср бошларида кириб борган, дейилади. Лекин, улар кейинчалик бизлардан ўтиб кетган. Масалан, XIX аср охирига келиб биргина Россияда шамол тегирмонларидан 250 мингга яқини қурилганди. Ҳатто 1889 йил Нижний Новгород ярмаркасида Пётр Давидов ўзи ясаган ўша даврдаги энг кучли 50 от кучига эга бўлган қурилмасини намойиш этади. Кейинчалик буғ машиналарининг яратилиши натижасида бундай қурилмалар инсонлар эътиборидан айрим соҳаларда четда қолиши кузатилади. Баъзи соҳаларда эса у янада такомиллашиб боради.
Жаҳонда илк бор 1931 йили Қримда паррагининг айланаси 30 метрлик ва 100 квт. қувватга эга бўлган шамол электр станцияси қурилади.
Иккинчи жаҳон уруши арафасида қатор мамлакатлар сув чяиқариш ва электр энергия олиш мақсадида минглаб шундай қурилмалар ўрнатади. Энг катта ШЭС эса1941 йил АҚШда қурилади. Унинг ишчи парраги 53 метр бўлиб, кучи 1250 квт.га тенг эди.
Гарчи, баъзи кишилар ўйлаганидек, шамол тегирмонлари даври ўтиб кетган бўлсада, кўп мамлакатлардаги муҳандислар шамолнинг кучидан фойдаланиш тўғрисида тобора кўпроқ бош қотирмоқдалар. Чунки, шамол энергияси шундай турдаги энергиядирки, унинг заҳираси тугамайди. У ер шарининг турли жойларида турли сабабларга кўра доимий ёки фаслий кўринишда эсади. Бу борада у ўзининг доимийлигига эга бўлса, ҳатто қувват бериши жиҳатидан қуёшдан устун, дейди олимлар.
Машҳур иқлимшунос олимларнинг ҳисоб-китобига кўра ер шарининг ҳар бир кв.км. майдонидан ўртача 13*1012 квт/соат шамол энергияси олиш мумкин экан. Шундай экан, доимий шамол йўналишларидан қанча электр олиш мумкинлигини ўзингиз бир ўйлаб кўрарсиз, деган умиддаман. Агар у ақлингизга сиғса.
Чунки, мен оддий онгимга сиғдира олмадим. Уни “даҳшатли қувват манбаи”, деб тасаввур этаман холос. Шуни билган, табиий ресурсларга камбағал, кўмир ёки нефт-газ конлари камроқ ва ёқилғининг катта қисмини четдан сотиб олаётганлар шамол кучидан фойдаланишга катта аҳамият бераётганлиги тасодифий ҳол эмас.
Қолаверса, ёқилғиларга бой мамлакатлар ҳам турли сабабларга кўра олдин мақбулга ўтаётганлигини тушуниш қийин эмас. Чунки, улар келажакни ҳар томонлама ўйлаб иш юритмоқда. Масалан, Данияда “Elektrik Saud ist Ziland” компанияси жуда кўп тажрибалардан кейин юқори унумли шамол двигателлари лойиҳасини яратди. Натижада, ўз двигателларини мамлакатнинг бутун ғарбий қирғоқларига ўрнатмоқда.
Шунингдек, Олмония (Германия), Италия (Рим), Фарангистон (Франция) ва Тунис каби турли даражадаги давлатлар ҳам бу соҳада катта ишлар олиб бормоқда.
Улардан Ўзбекистоннинг нимаси кам? Ортиқ бўлса ортиқдир. Лекин, биз ҳали ухлаб ётибмиз. Чунки, уларда айни пайтда шамолдан қувват олиш бўйича кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. Масалан, 2020 йилгача Европа Иттифоқи давлатларида истеъмол қилинадиган энергиянинг 80 фоизини шамол ва қуёш қувватидан олиш режалаштирилган. Кейинги 20 йилда сайёрамизда 3,8 миллион шамол генераторлари, 90 мингта йирик ва 1,7 кўплаб кичик қуёш электр станциялари қуришни режалаштирган.
Бугунги кунда шамол қувватидан олинадиган электр энергия миқдори бўйича Олмония (43 гегаватт ишлаб чиқиб) жаҳонда етакчилик қилмоқда. Бизда-чи? Бизда якка тартибда ишлар бор, лекин улар жуда кам. Ҳали биз “қани эди Булунғурда ҳам шамол қувватига ишлайдиган ШЭС қурилса” деб орзу қилишдан нарига ўтганимиз йўқ. Масалан, мен оддий география фани ўқитувчиси сифатида бундан 5 йил аввал (2015 йил 14 октябрда “Булунғур ҳаёти” газетасида “Булунғур шамолининг энергетик салоҳияти” номли мақолада) ўз билганимча таклифимни айтганман. Агар унга кимлардир эътибор берганда бугун Булунғурда ШЭС ишлаётган бўлар эди.
Ҳалиям халқимизнинг “ҳечдан кўра кеч” мақоли маъносида иш қилиш керак. Чунки, кун кетидан кун ўтмоқда. Шамол энергетикасининг таниқли мутахассислари В.П.Ветчинкин билан А.Г.Уфимцевлар шамол кучини электр қувватига айлантириб берадиган “тўғонлар” лойиҳасини ишлаб чиққан. Улар баландлиги бир неча юз метр келадиган ва ҳар бирининг диаметри 20 метрли ёки 200-300 ғилдиракка эга бўлган жуда катта “магнат”лардан иборат қурилма ясаган. Ана шундай тўғоннинг биттаси 100 минг квт. электр энергия берар экан. Бизда ҳам катта масштабларда иш қилиш даври келди. Бизнинг Булунғур даштида эса бундай қурилма-тўғонлар қуриб юриш учун ҳожат йўқ. Фақат “Илонўти” шамолини бироз кузатиб, унинг энг кучли эсиш йўлини топсак кифоя. Чунки, бизда ҳаммаси табиий. Ҳозирча шамол генераторларини олмон мутахассисларидан олиб, тажриба учун Булунғур даштининг “Юқори нуқта”да ШЭС учун қулай жой танланса бўлди.
Яна, Ғўбдин тоғларининг жанубий (беткай) томонидан Ғўбдин ҚЭС (Қуёш электр станцияси)ни қуриб, уларнинг бир-бирини тўлдирувчи, узлуксиз токи билан бутун вилоятимизни, қолаверса қўшни вилоятларни энг арзон электр токи билан таъминласа бўлади. Чунки, дунёнинг илғор мамлакатлари шу йўлга ўтган. Кейинчалик Булунғур тажрибаси асосида мамлакатимизнинг доимий шамол эсувчи Янгиер, Бекобод, Қўқон ва бошқа шамол йўлларида ҳам шундай қувватли ШЭСларни қурсак бўлади.
Агар шамол ва қуёш ёруғлигидан электр қуввати олиш бўйича мутахассислар Булунғурга келиб, “Юқори нуқта”даги доимий эсувчи “Жилон ўти” шамолини ўрганишса, фойдадан холи бўлмайди. Қолаверса, бу жой шамол асосида қуриладиган ШЭС учун қулай бўлса, Ғўбдинда ҚЭС учун яхши жойлар бор.
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
13-умумтаълим мактабининг география фани ўқитувчиси.