ТАРИХИМИЗНИ ЎРГАНАМИЗ
Агар биз, ўзимиздан бугун бажарилган ишларга андак
бўлса ҳам, янгилик қила олсак, шунинг ўзи биз
бошлаган ишни маъқуллашга асос бўлади.
СТРАБОН.
Газетамизнинг жорий йил 29 август сонида фаол жамоатчи мухбиримиз, 13-умумтаълим мактабининг олий тоифали ўқитувчиси Сафарали ЖАЛИЛОВнинг “Тарихимизни ўрганамиз” рукни билан чоп этилган “Бузмажон рустоқи – илк Булунғур тумани” номли мақоласи чоп этилган эди. Бугунги сонимизда чоп этилаётган “Кечаги Бузмажондан бугунги Булунғургача” номли мақола унинг давоми бўлиб, туманимиз тарихини тўлақонли ёритиш имконини беради.
Мўғулларнинг асосий қўшин қисми Зарафшон дарёси чап қирғоғи бўйлаб Самарқандга бориладиган одатдаги йўлдан (1220 й. мартда) борган эди. Чингизхоннинг замондоши, хитой тарихчиси Мен Хуннинг берган маълумотида “Улар (татарлар) катта шаҳарни олмоқчи бўлсалар, ҳар сафар аввал атрофидаги кичкина шаҳарларга ҳужум этиб, уларни вайрон қилар эди”, деб (Ўзбекистон тарихи, 1-китоб, Т., 1956, 317 б) ёзган. Ушбу жумладан Бузмажон (ҳозирги Булунғур) маркази – Аборкат ёки Боркатни ҳам мўғуллар шу йўл (тактика) билан вайрон қилгани маълум бўлади.
Орадан юз йиллар ўтиб, 1318-26 йилларда чингизий Кебекхон Чиғатой улусига хон бўлади. У даврларда Мовароуннаҳр ҳудудлари икки йўл билан идора қилинган, яъни шаҳарларда маҳаллий ҳокимлар ва диндорлар томонидан бошқарилар эди. Кебекхоннинг халқ учун қилган энг яхши иши шу бўлдики, у Чиғатой улусига қарашли ерлардаги барча майда хон ва бекликларни йирикроқ туман ҳокимлигига айлантиради. Бу ҳақда араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг Амир Темур тарихи (1-китоб, Т., 1992) да айтишича “Амир Темур сиёсий фаолиятининг бошланишида Самарқанд етти тумандан, Андикон (Фарғона) ва унинг атрофлари эса тўққиз тумандан иборатки, ундан ўн минг жангчи чиқади”, деб (65-66 б) ёзган.
Демак, ана шу даврларда бугунги Булунғур тумани ўрнида Бузмажон тумани ва Булунғур шаҳридан 1 км.ча шарқроқда унинг маркази Бузмажон қишлоғи бўлган. Уни М.Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” (Т., 1994) китобидаги “Шероз - Самарқанднинг (шимоли-шарқ-С.Ж) томонда (1397 йил), ундан 4 фарсаҳ (32 км.) нарида жойлашган катта қишлоқ, Амир Темур томонидан Бузмажон ўрнида бино қилинган” (347 б) деб берилган изоҳдан ҳам билсак бўлади.
Яна, академик Б.Аҳмедов ўзининг “Улуғбек” эссеси (Т., 1989) даги “Шероз - Самарқанд тарафида Амир Темур қурдирган қишлоқ, шу номли туман маркази деб (250 б) берилган изоҳ масалага янада ойдинлик киритади. Шунингдек, 1397 йил Шероз қишлоқ бўлган бўлса, орадан юз йиллар ўтгач З.М.Бобур ўзининг “Бобурнома” (Т., 1989) асарида 1497 йил воқеаларини “Биз бир-икки кундан сўнг Шероз қўрғонига етдик. Шероз Қосим дўлдойда эди. Доруғаси Шерозни сақлай олмай, қўрғонни берди. Шероз қўрғони Иброҳим Соруға уҳба бўлди. Тонгласа ийди фитир номозини анда қилиб Самарқанд устига мутаважжиҳ бўлдик” (38 б) дейиш билан ўша вақтда у ерда Шероз тумани ва унинг маркази Шероз шаҳри бўлганини, ҳатто шаҳар ҳокими ким бўлганигача муҳим ва катта аниқликда кўрсатиб берган. Негадир кейинги даврларда Шероз қўрғони ўз мавқеини йўқота бошлайди. Бунга сабаблар кўп бўлган-у, улар бизга номаълум.
Лекин унинг харобага айланганини тарихчи олимлар – Ш.Аҳатов ва А.Зиётовларнинг “Хўжа Ҳофиз Меросий ҳазратларининг ҳаёти ва фаолияти” китоби (Т., 2018) да “Шероз қалъа (улар шундай атаган) кейинги даврларда вайрон бўлиб қолса ҳам, Россия канализаторлари томонидан 1868 йил Шероз қалъа харобалари “Соясидан” фойдаланиб, Зарафшон дарёсидан ўтиб, Чўпон ота” тепаликларида Бухоро амирлиги қўшниларини тор-мор келтириб, қолган-қутганларини Зирабулоқда батамом енгиб, Туркистон генерал губернаторлигини ўрнатган эди” (186 б) деб ёзган холос. Кейин эса очкўз чор Россия амалдорлари Туркистондан беҳисоб карвон-карвон маданий бойликларни, қишлоқ хўжалик ва турли саноат маҳсулотларини ҳамда қимматбаҳо бойликларни тинимсиз ташиб кетаётганлари кўзларига кам кўриниб, янада кўпроқ ва тезроқ эгаллашлари учун темир йўл қуришни бошлайди.
Улар 1888 йил Тошкент - Самарқанд темирйўлининг Шероз қўрғонидан 1 км. Самарқанд шаҳри томон (ғарбга) қурилган станциясига Ростовцево деб ном беради. Бу номнинг маъносини кўп изладим. Охири 1931 йил туғилган, рус қизи, олий маълумотли филолог, узоқ йиллар (1991 йилгача) Булунғур район ПКнинг 3 ва 2-секретари лавозимларида ишлаган (ҳозирда меҳнат фахрийси) Усмонова Валентина опадан сўрадим. У киши менга “1885 йилларда Россия империясининг генерал губернаторларидан бири Я.Ростовцев бўлгани ва унинг ўғли Н.Я.Ростовцев ана шу темирйўл қурилишида бош инжинер бўлиб иштирок этишидан ўша ўғил ўз фамилияларига бу бекатни “Ростовцево” номи билан атайди”, деб тушунтирди. Масалан, бу худди Россиядаги Иваново номи сингари.
Бу номни маҳаллий халқ ўз тилида айтишга қийналгани ва шу темирйўлда ишловчи ишчилар турар жойларини бир ном билан “Ростоп” деб атаб кетади. Бу сўз ХХ асрнинг 60-йилларида ҳам ёши улуғ кишилар орасида “Ростопга бориб-келдим” деб гапириб келганлар. Бугунлари Ровтопнинг маъносини тушунмасдан “тўти” каби гапириб юрганлар бор.
1917 йил 24 октябр (ҳозирги ҳисоб билан 7 ноябр) да Россияда бўлган инқилоб шамоли бир йилга етмасдан Бухоро Амирлигига ҳам етиб келди. Энди бутун Туркистон оловли сиёсий ўйинлар майдонига айланди. Бу сиёсий ўйинда кўплар от сура бошлайди. 1918 йилнинг февралида Закаспий фронти генерали Зайцев бошлиқ оқ казаклар Қўқонга давлат тўнтаришида иштирок этишлари учун бир эшелон қурол-яроғ ва отлари билан ғарбдан келаётганда Ростовцево станциясида тўхтатилиб, йўлларини тўсаётган қизил гвардиячилар билан беш кун жанг қилади. Жангда оқ казаклар қуролсизлантирилади. Жангда ҳалок бўлган қизил аскарлар хотирасига Ростовцево станцияси номи “Красногвардейск” (қизил аскар) деб ўзгартирилади.
1925 йил 11 февралда Самарқанд шаҳри Ўзбекистон Республикасининг пойтахти деб эълон қилинган ва Самарқанд области таркибида топган Булунғур райони маркази этиб Красногвардейск посёлкаси танланади. У 1973 йилга келиб Красногвардейск (районга бўйсинувчи) шаҳар номини олади. 1991 йил 31 августдан Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилингач, Булунғур тумани ва унинг маркази Булунғур шаҳри деб аталадиган бўлди. Унда биринчи ҳоким М.Салимов (шифокор) бўлган.
Бир донишманд “ҳар бир жой тарихини ўрганиш - таранг тортилган камонга ўхшайди. Камон ипи қанча тортилса, ўқ шунчалик узоққа отилгани сингари тарихни чуқур билиш келажак учун шунчалар аҳамиятлидир”, (“Ўзбекистон тарихи” телеканалида филология фанлари доктори Б.Каримов гап орасида мисол тариқасида айтган), деган экан. Ҳақиқатда ҳар бир жойнинг тарихини шунчаки ўқиш эмас, у ерда биздан илгари яшаган ота-боболаримиз бизлар учун нима демоқчи бўлганлигини уқиш керак.
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
13-мактаб ўқитувчиси.