Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар баробарида таълим тизимида меҳнат қилаётган устоз ва мураббийлар учун кўпгина қулайликлар яратилмоқда.
Жорий йил 1 сентябрдан бошланғич ва юқори синф ўқитувчилари, директор, унинг ўринбосарлари, АРМ (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари, олий тоифали, биринчи тоифали, иккинчи тоифали ҳамда мутахассис ўқитувчиларнинг ойлик маоши оширилди. Бундан ташқари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, штат бирлигида психолог тариф ставкаси белгиланди. Ёшларни чақириққа қадар бошланғич тайёрлаш машғулотлари олиб борилиши ҳам айни муддао бўлди.
Педагог-ходимлар пахта йиғим-терим ҳамда ҳашарларга чиқарилмайдиган бўлди.
Энди улар билим ва салоҳиятини дарс машғулотларини мазмунли ташкил этиш, ўқув самарадорлигини оширишга сарфлашмоқда. Буларнинг барчаси ёш авлодни комил инсонлар этиб тарбиялашда хизмат қилади.
Шунинг баробарида янги ўқув йилига бағишлаб ўтказилган “Мустақиллик дарслари” ҳам мактаб жамоаси, маҳалла фаоллари, ўқитувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида мазмунли тарзда ўтилди. Мактабимизга қабул қилинган 20 нафарга яқин 1-синф ўқувчиларига ўқув қуроллари ва дарсликлардан иборат Президент совғалари топширилди. Уларга бошланғич синф ўқитувчиси Малика Шодиёрова томонидан “Мустақиллик дарслари” ўтилиб, унда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Мустақилликка эришиш йўлида қилган улкан саъй-ҳаракатлари хусусида тушунчалар берилди. Юқори синф ўқувчиларига ҳам фан ўқитувчилари томонидан шу ва ҳозирги кунда қилинаётган ишлар борасида маълумотлар келтирилди.
Ана шундай эътибордан муассасамизнинг педагог жамоаси “Ишлайдиган давримиз келди” деган сўзларни миннатдорчилик сифатида билдиришяпти, таълим сифати самарадорлигини оширишга астойдил бел боғлашган.
Асқар МАМАТОВ,
56-умумтаълим мактабининг
маънавий-маърифий ишлар бўйича
директор ўринбосари.