Таълим тизимида меҳнат қилаётган устоз ва мураббийлар учун Давлатимиз томонидан қатор имкониятлар яратилаяпти. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Унга кўра, умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари учун жорий йил 1 сентябрдан: директор, унинг ўринбосарлари ва АРМ (кутубхона) мудирлари ҳамда кутубхоначилари учун ойлик маошни 1,1, 2019 йил 1 январдан яна 1,1 бараварга ошириш белгиланган. Жорий йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1, юқори синф ўқитувчилари учун 1,24, бараварга оширилиши назарда тутилган. Шунингдек, 2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25, биринчи тоифалилари учун 1,2, иккинчи тоифалилари учун 1,15, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга оширилади. Бундан ташқари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, жорий йил 1 сентябрдан 250 нафаргача ўқувчи бўлса – 1 штат, 250-800 нафар учун – 1,5 штат, 800-1600 нафар учун – 2 штат, 1600-3000 нафар учун – 2,5 штат, 3000 нафар ва ундан ортиқ ўқувчи бўлса – 3 штат психолог ўқитувчи белгиланди. Бу эса жорий йилда 90 фоизга, 2019 йил 1 январдан:1,1 бараварга тенглаштирилади дегани.
Иш ҳақи ва тариф ставкасининг кўтарилишига соҳа вакилларининг муносабати қандай?
Замира ҚОДИРОВА, 3-умумтаълим мактаби директори:
Яқинда вилоят ҳокимлигида ўтказилган видео-селектор йиғилишида Таълим Вазирлиги томонидан ўқитувчиларнинг ойлик маошини кўтариш ҳақида маълумот берилди. Эшитиб жуда қувондик. Энди педагог-ходимлар мажбурий меҳнат ва турли ҳашарларга жалб қилинмас экан. Барчаси, албатта, таълим сифати самарадорлигини оширишга хизмат қилади ва бунинг учун Юртбошимиздан миннатдормиз.
Асқар МАМАТОВ, 56-умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:
Ҳар йили пахта йиғин-терим даврида ўқитувчилар бирин-кетин ҳашарга юборилар эди. Энди бўлса, бор куч, билим ва салоҳиятимизни фақатгина машғулотлар ўтишга сарфлаймиз. Қолаверса, психолог-ходимларга ҳам эътибор ва талаб ошди. Яна ёшларни чақириққа қадар бошланғич тайёрлаш машғулотлари ҳам олиб бориладиган бўлди.
Фароғат АБДУЛЛАЕВА, 40-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси:
Ўн икки йилдан буён таълим соҳасида ишлайман. Ойлик маошим баъзида рўзғор камчиликларига етмай қоларди. Яқинда ўқитувчилар иш ҳақи оширилаётгани ҳақида эшитиб қолдим. Олти кунлик дарслар мазмуни беш кунлик дарс жараёнларига сингдирилар экан. Ҳафтанинг шанба куни эса ўзлаштириши паст бўлган ўқувчилар учун алоҳида машғулот ўтказилиб, ота-оналари билан суҳбат олиб борилар экан. Қувонарлиси, қўшимча дарс ўтиш истагини билдирган ўқитувчилар саралаб олиниб, уларга оширилган миқдорда қўшимча ҳақ тўлашаркан.
Фарида РАВШАНОВА, 15-умумтаълим мактаби АРМ раҳбари:
Бу йил СамДУнинг меҳнат таълими факультетига ўқишга қабул қилинган қизим Умида Саидқулованинг шартнома пулини тўлашга қийналаётгандим. Энди бўлса, бундан ҳеч ҳам ташвишланмаяпман. Чунки, иш ҳақи оширилгани оилавий шароитимизни яхшилашга хизмат қилади. Қийинчилик даврида ишлаган кезларимиз ҳам бўлди. Айниқса, кутубхона ходимларига унчалик ҳам эътибор қаратилмасди. Бундай рағбатлардан сўнг, ўз касбимизга бўлган ҳурматимиз, масъулиятимиз янада ошди. Бунга жавобан ўқувчиларнинг китобхонлик маданиятини, мутолаага бўлган қизиқишини оширишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Айтиш мумкинки, эндиликда, умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлари ва қўшимча маълумотлари ҳам талаб қилинмас экан.
Зеро, таълим сифатини яхшилаш ва ошириш борасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермай қолмайди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ тайёрлади.