Ноябрь ойи республикамиздаги барча таълим муассасаларида рус тили ва адабиёти фани ойлиги деб эълон қилинди. Фан ойликларининг ташкил этилиши ўқувчиларнинг дарсларни яхши ўзлаштиришида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ўқувчиларнинг рус тилини ўрганишга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида 1-умумий ўрта таълим мактабида ҳам ойлик қизғин ўтмоқда. Ойликни ўтказиш бўйича аввало, мактаб директорининг буйруғи ҳамда услуб бирлашма томонидан чора-тадбир ишлаб чиқарилиб, шу асосда фанни ривожлантириш ва уни ўқувчиларга ўргатишнинг янги самарали усулларини яратишга оид тадбирлар ўтказилмоқда. Ташкил этилаётган очиқ дарслар, тадбирлар, бошқотирмалар, кўргазмаларда барча синф ўқувчилари фаол иштирок этиб, рус тили фанига оид билимларини синовдан ўтказишмоқда. Тадбирларни ташкил этишда мактабнинг рус тили фани ўқитувчилари илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Айниқса, нафақадаги рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси Жамила Мамированинг ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишини оширишда олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ. У киши яна таълим даргоҳига қайтиб, ўзининг ташкилотчилигини намоён қилаяпти. Шу жумладан, мактабнинг кириш йўлагида фан ойлиги доирасида ташкил этилган ўқув қуроллари, плакатлар, қизиқарли савол-жавобларга оид кўргазма атрофи ўқувчилар билан гавжум. Ўтказилаётган тадбирлар ўқувчиларнинг тилни ўрганишга бўлган қизиқишини янада оширишга ёрдам беради.
Дилором ХАСАТОВА,
1-умумтаълим мактабининг
маънавий-маърифий ишлар бўйича
директор ўринбосари.