Мен 2020 йил давомида сайлов округимга қарашли бўлган Сулувқўрғон ва Хўжабачча МФЙларида биринчи навбатда сайловчилар билан учрашиб, уларни қийнаётган муоммаларни ўргандим ва шу асосда депутатлик фаолиятимни амалга оширишни бошладим. Биринчи навбатда Сулувқўрғон МФЙ ҳудудидаги Солин қишлоғидаги йўл муаммосини ҳал қилишга эришдик. Бу ишда ушбу қишлоқ аҳолиси ҳам қараб ўтиришмади. Ўзлари ҳам чиқишиб, ушбу ишда ёрдам беришдилар. Хўжабачча МФЙда мактабга бориладиган йўллар сектор раҳбари Ш.Эшмуродов билан ҳамкорликда таъмирланди.
Сулувқўрғон ва Хўжабачча МФЙда яшовчи “Темир дафтар”га киритилган фуқаролар ҳолидан тез-тез хабар олинди. Улар учун Ўзбекистон Президенти томонидан кам таъминланган ва камбағалларга бир марталик берилаётган маблағлар сектор раҳбари, МФЙ раиси ва ўзим иштирокимда тарқатилди. Баҳор ойлари ушбу маҳаллада “Темир дафтар”га тушган хонадонларнинг томорқалари МФЙ раислари билан ҳамкорликда, Бешкуви ММТПга қарашли тракторлар билан ҳайдаб берилди. Бундан ташқари, ушбу жойларга экиладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўчатлари ва уруғлари бепул тарқатилди. 2020 йилнинг июль ва август ойларида Республикамиз ҳудудида коронавирус давом этаётган бир пайтда ҳудуддаги камбағал оилаларнинг болалари учун 500 000 (беш юз минг) сўмдан бир марталик моддий ёрдамлар назорат остида тарқатилди. Ҳозирги даврга келиб камбағалликдан чиқариш бўйича иш олиб бормоқдамиз. Хусусан, Сулувқўрғон МФЙдаги камбағал оилалар рўйхатига олинган 34 нафар оиланинг 13 нафари хамда Хўжабачча МФЙ даги 31 нафар камбағал оилалардан 8 нафари ўз аризасига асосан “Темир дафтар”дан чиқарилди.
Аҳолини қийнаётган коммунал соҳа бўйича суюлтирилган газ таъминоти ишлари умуман талабга жавоб бермайди. Шунинг учун ушбу соҳа раҳбарига “Депутат сўрови” юборилди ва жавобини яқин кунларда оламиз деган умиддамиз.
Ҳали олдимизда кутиб турган муаммолар кўп. Ушбу муаммоларни бартараф этишимизни биздан сайловчиларимиз кутмоқда. Бундан ташқари, Сулувқўрғон ва Хўжабачча МФЙ раиси билан биргаликда ушбу қишлоларқда яшаб келаётган аҳолига ҳомийлар томонидан ҳудуддаги камбағал оилаларнинг 64 та оиласига озиқ-овқат жамланмалари тарқатилди. Туман ҳокими томонидан 3 нафар оилага тикув машиналари тарқатилди. Бу каби хайрли ишлар келгусида ҳам мунтазам давом эттирилаверади.
Кенжабой НАЗАРОВ,
15-Солин сайлов округидан
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.