“Боғбон” МФЙ ҳудудидаги “Бешқўтон” қишлоғида яшовчи Акмал Ҳотамовлар оиласини қишлоқдошлари оилавий спортчи-полвонлар деб ҳурмат билан тилга олишади. Бу бежиз эмас, албатта. Акмал аканинг ота-боболари катта чавандоз, кураги ерга тегмаган курашчи полвонлар бўлишган. Акмал аканинг ўзи ва акаси Собиржон ҳам қишлоқнинг энг биринчи катта полвонларидан ҳисобланишади. Улар вилоятимизнинг ҳамма туманларида бўлиб ўтадиган кўпкариларнинг доимий иштирокчи полвонларларидир.
От ўрнини той босади, деганларидай Акмал аканинг ўғли Асомиддин ҳам, акаси Собиржоннинг ўғли Алибеклар ҳам оталари изидан боришиб, спортнинг юнон-рум кураши тури билан шуғулланишмоқда. Келажаги порлоқ бўлган ёш полвонлар ўз вазн тоифалари бўйича вилоятимизнинг Оқдарё, Булунғур, Иштихон, Пайариқ, Каттақўрғон туманларида бўлиб ўтган биринчиликлари ва хотира турнирларида муваффақиятли иштирок этишиб, ғолиблар сафидан жой олишди. Навоий ва Жиззах вилоятининг Гагарин шаҳарларида бўлиб ўтган халқаро турнирлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг очиқ биринчилиги мусобақаларида шоҳсупанинг биринчи поғонасини забт этишди.
- Келгусида жаҳон, Осиё ва Олимпиада чемпионлари деган юксак ном соҳиблари бўлиш ниятидамиз, - дейишади ёш полвонлар Асомиддин ва Алибеклар. Бу борада бизга севимли мураббийимиз Раббим ака Ташанов қанот бағишлайди.
- Ўғилларимиздан умидимиз катта, - дейди Акмал ака. - Улар нафақат бизнинг, шунингдек, қишлоғимизнинг, маҳалламизнинг ҳам фахри ҳисобланади.
Раббим ҲОТАМОВ.