Кейинги кунларда оммавий ахборот воситаларидагина эмас, тўрт киши бош қўшадиган кичик давраларда ҳам ўқитувчининг обрўси, таълим-тарбия соҳасидаги беқиёс ўрни, маънавий ҳаётимиздаги таърифига тил лол қоладиган буюк воқеалар сабабчиси сифатида тилга олинмоқда.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 30 октябрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида жонкуярлик билан тарбия ва маънавиятни янгича босқичга кўтариш юзасидан билдирган таклифлари мудраётган маънавият оламининг осмонида мисоли чақнаган чақмоқ бўлди!
Муаллим, ўқитувчи барча даврларда бойлик, пул билан қиёслаш ва ўлчаш мумкин бўлмаган маънавият оламининг донишманди, фидойиси сифатида кўз олдимизда намоён бўлиб келган. Ҳали-ҳануз эсимда: ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида раҳматлик отам шу касб соҳиби ва жонкуяри сифатида нафақат жамоаси, ўқувчилари, қишлоқда ҳам илмли-билимли инсон, энг кўп ойлик оладиган “бой”лардан бири ҳисобланарди. Майли, буни бугунги кун қаричи билан ўлчамасдан, ўқитувчининг обрўси, ўқитувчи ва ота-оналар ўртасидаги муносабатларга эътибор қаратайлик.
Икки-уч кун аввал дўкон ёнида отамнинг бугун ёши етмишдан ошган собиқ ўқувчиси билан бўлган суҳбатимиз таълим-тарбияга уланиб кетди.
-Зап замонларда ўқиган эканмиз-да, - деб ўтмиш хотираларини эсга олди у киши. - Отанг раҳматликнинг қаҳри ҳам, меҳри ҳам ўзгача эди. Жаҳли чиқса нақд ёзув тахтасига “ёпиштириб” қўярди. Меҳри жўш урганда эса танаффусда яхши дарс тайёрлаган ўқувчиларни печенье ва конфет билан доимо сийлаб турарди. Етишмовчилик даври эмасми, энди эсласам, конфет ва печеньени қўлга киритиш учун ҳам тиришиб ўқиган эканмиз. Қолаверса, одмигина либосимиздаги кичик нуқсон ҳам, дарс пайтида кўрсатган шўхликларимиз ҳам муҳтарам устозимиз томонидан уйимизда, ота-онам иштирокида муҳокама қилинарди. Лекин, бирон бир ота-онанинг боламни урибсан, деб мактабда жанжал кўтарганини эслаёлмайман. Агар, фалончи муаллим бугун мени урди, деб шикоят қилсак, ота-онамиз ўзинг айбдорсан, дея “масалани” ҳал этишарди. Бугун эса бу гаплар невараларимиз, эваларим учун эртакдек туюлади. Энг муҳими, маҳаллада, тўй-маъракаларда ўқитувчининг ўз обрўси, ўрни бўлакча эди.
Собиқ ўқувчи яна кўп бугун унутилган ажойиб анъаналарни тилга олди. Шулардан бири, тўйлардаги ўқитувчи-ўқувчи муносабатларига бориб тақалди. Ўзимиз ҳам яхши эслаймиз: илгари ҳозиргидек ҳашаматли тўйхоналар қаёқда дейсиз, тўйларимиз уй-ҳовлиларда ўтказилар, бунинг учун икки-уч кунлаб тайёргарлик кўриларди. Тўй куни хонадонни қишлоқ болалари “босиб” кетарди. Ана шундай пайтда изғиб юрган болаларнинг кўзи тўйхонага яқинлашаётган ўқитувчига тушса, муаллим келяпти, деб жўраларини огоҳлантирарди. Шу “сигнал”дан сўнг тўйхона ва унинг атрофида юрган болалар бир зумда ўзини пана-пастқамга уриб кетарди. Азбаройи, бу ҳолат ўқитувчидан чўчиган ўқувчининг ўзини панага уриши эмас, балки, устозига ҳурмат сифатида баҳоланарди. Эҳ, ҳозир эса тўйхоналарда устози билан бир дастурхон атрофида ўтирган шогирдчаларга ҳам тез-тез кўзимиз тушади!
Ўқитувчининг обрўси, маънавий ҳаётдаги ўрни ҳақида сўз кетар экан, бевосита унинг билим ва тажрибаси ҳақида ҳар ким ўз фикрини билдиришга чоғланади. Болалигимизда мактабимизда ва қўшни мактабларда ҳам ўз фанини чуқур эгаллаган, ўқувчиларга билим беришни бош мақсад, деб билган ўқитувчиларни кўпчилик ҳурмат билан тилга оларди. Бугунга келиб, негадир уларнинг сафи сийраклашгандек туюлади кишига. Бунинг ўзига хос ижтимоий сабаблари ҳам борлигини кўпинча ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Президентимизнинг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси билан танишган инсон борки, соҳада янги бурилиш ясалаётганлигига ишонч ҳосил қилади. Аввало, лойиҳада соҳани ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва уларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари белгилаб берилганлиги эътиборга моликдир. Энг аввало, ўқитувчи малакасини ошириш унинг билим ва кўникмаларидан амалиётда - дарс, амалий машғулот жараёнида кенг фойдаланиш лозимлиги бош вазифа сифатида белгиланди. Таълим шундай жараёнки, унинг самарасидан сиз ва биз кутган муддатда баҳраманд бўлиш имконияти ҳамиша ҳам яратилавермайди. Юқоридаги фармон лойиҳасида кейинги ўн йил мобайнида соҳа ҳамда соҳа ходимлари олдида турган муҳим ижтимоий, маънавий вазифалар белгиландики, беихтиёр мактабга ҳам, ўқитувчининг йўлига ҳам қуёш чиқадиган кун келар экан, дея кўнгилни шод этгинг келади!
Президентимиз “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, дея барчамизни таълим ва тарбия учун жавобгарликка, масъулликка чақирганлиги бежиз эмас. Зеро, таълим ва тарбия уйғунлиги асосида ўтмишимизни эъзозлайдиган, бугунимизнинг қадрига етадиган, келажагимизнинг эгалари бўладиган авлод бугун мактаб, деб аталмиш қутлуғ масканда вояга етмоқда. Уларнинг қандай вояга етиши - келажагимизнинг муносиб эгалари сифатида ҳаётнинг турли жабҳаларида жавлон уришлари, Ватанимизнинг ҳақиқий эгалари сифатида ўз билим ва салоҳиятларини намоён этишлари ҳозирги, бугунги амалий ишларимизга боғлиқ. Бу ишларнинг мазмун ва моҳияти мамлакатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилди. Беихтиёр ўйлаб қоласан: таълим ва тарбия тизимида қотиб қолган анъаналарга барҳам бериш, замонавий, умуминсоний аҳамиятга молик кашфиётлар соҳиблари бугунги мактабларда таҳсил олаётганлиги кўнгилга бир оз бўлса-да, таскин бағишлайди. Энг муҳими, уларга таълим ва тарбия бераётган устоз - ўқитувчилар қадри кўтарилаётганлиги, машаққатли меҳнатларига муносиб баҳо берилаётганлигидир.
Қувондиқ ХАЛИЛОВ