1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?
2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбирлар ўтказдингиз?
3. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмун ва натижасини шарҳланг.

САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН БИРГАМАН
1. Мен сайланган “Эрганакли” маҳалласида ижтимоий-иқтисодий ривожланишга қаратилган 2020 йилда бажарилиши керак бўлган бир қатор дастурлар режалаштирилган. Хусусан, 35-умумтаълим мактабининг янги биносини қуриш, қишлоқ марказидан ўтувчи автомобиль йўлини таъмирлаш, “Эрганакли” маҳалласини Ф.Йўлдош ширкат хўжалиги маркази ва бошқа маҳаллалар билан боғловчи “Булунғур ариғи”га кўприк қуриш каби дастурлар шулар жумласидандир.
“Эрганакли” маҳалласида жойлашган 360 ўринли 35-умумий ўрта таълим мактаби учун 2020 йилда “Инқирозга қарши курашиш” дастури доирасидаги 2.3 млрд. сўм пул маблағлари ажратилиши ҳамда ушбу маблағлар эвазига қўшимча 270 ўринли замонавий мактаб қурилиши белгиланган эди. Айни кунларда мактаб қурилиши ишлари якунига етди. Энди болажонларимиз янги замонавий мактабда ўқийдилар.
“Эрганакли” МФЙ марказидан ўтувчи 3 км.лик автомобиль йўли ҳам дастур асосида таъмирланди. Қишлоқ аҳолисини неча йиллардан буён қийнаб келаётган муаммо - Булунғур ариғига кўприк қуриш ишлари ҳам аллақачон бошлаб юборилган.
2. Сайловчиларим билан нафақат учрашиб тураман, балки ҳар куни биргаман десам тўғри бўлади. Ўзим сайланган округда фермер хўжалик раиси бўлиб ишлайман. Қишлоғимиз асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишади. Уларга ҳар томонлама ёрдам бериб туришни бурчим деб биламан. Йил бошидан кам таъминланган оилаларга фермер хўжалигимиз техникалари ёрдамида аҳоли томорқаларига экин экиш учун ер тайёрлашда, уруғ олиб беришда, ҳатто йиғиб-териб олишда ҳам кўмак бераман.
Шунингдек, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш, ҳар қарич ердан самарали фойдаланиш пандемия даврида ҳар доимгиданда муҳим аҳамият касб этади. Аммо, эҳтиёжманд оилаларнинг ҳаммасида ҳам деҳқончилик қилиш учун зарур маблағ етарли эмас. Ерга ишлов бериш, уруғ экиш ва уни парвариш қилиш учун ҳам моддий маблағ зарур. Демак, такрорий экин экиб, оила даромадини яхшилаш учун ҳам етарлича маблағ керак бўлади. Камбағалликни камайтиришда ердан самарали фойдаланиш зарур экан, эҳтиёжманд оилаларга бу борада ёрдам беришга ҳаракат қилиб келаяпман.
Ўзим сайланган сайлов округидаги 10 та камбағал оилага фермер хўжалигимиздан ер ажратиб, техникаларимиз ёрдамида ажратилган ерлари ҳайдаб берилди. Шунингдек, экадиган уруғ билан бепул таъминладик. Ҳатто кейинги техника билан бериладиган ишловларни ҳам бажариб бердик. Айни кунларда ушбу майдонлардаги экинлар яхши ҳосил берган. Экин эккан кам таъминланган оилалар бу ишимиздан мамнун бўлмоқда. Уларнинг фойда олиб, ўз оилаларига ёрдами тегаётганлигидан биз ҳам хурсандмиз.
3. Юқорида айтганимдек, кунда сайловчилар билан биргаман. Шундай бўлсада, ҳар ойда 1-2 марта мактаб ёки маҳалла биноларида сайловчиларим билан алоҳида учрашувлар ташкил қилаяпман. Бу учрашувларда сайловчилардан тушадиган асосий муаммолар суюлтирилган газ баллонларнинг етишмовчилиги, суюлтирилган газ билан вақтида таъминламаслик ва “Эрганакли” маҳалласида давлат боғчалари йўқлиги тўғрисида бўлмоқда. Қишлоқдаги бу муаммолар тўғрисида тегишли ташкилотларга оғзаки мурожаат қилганман. Чунки, илгари ёзилган депутатлик сўровларига вақтида жавоб ололмаганмиз.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг депутатлар томонидан юборилган депутатлик сўровларига вақтида жавоб бермаслик жиноий жавобгарликгача сабаб бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги қарори биз депутатларни хурсанд қилди. Энди ушбу ваколатларимиздан фойдаланиб сайловчиларимизга янада кўпроқ нафимиз тегишидан қувондик. Энг муҳими - сайловчиларимизнинг бизга бўлган ишончи. Шу ишончни оқлаш учун доимо ҳаракатда бўламиз.
Камолиддин БОБОЖОНОВ,
9-“Эрганакли” сайлов округи депутати.