Таҳририятимизга ҳар куни ўнлаб кишилар турли хил юмушлар билан ташриф буюришади. Уларнинг аксарияти масъул ташкилот ва идораларда ишлаганлиги боис ўз номларидан матбуотда чиқиш қилиш кераклигини айтишиб, битта мақола ёзиб газетада чоп этишимизни илтимос қилишади. Лекин Сафарали Жалилов ундайлар сирасидан эмас.
Анча вақтдан буён эътибор бераман. Истараси иссиқ, юзларидан нур ёғилиб турувчи, мулоҳазали, нафақадаги устоз Сафарали ака Жалилов ҳам вақти-вақти билан таҳририятимизга келиб турсада, бошқалардан фарқли ўлароқ ҳар келганда “қуруқ қўл” билан эмас, балки кичикроқ бўлса-да, муҳим манбалар ва асосларга таянилган ҳолда битилган, туман тарихи ёки географиясига тегишли бўлган илмий мақола тақдим этади. Агар газетамизни кузатиб бораётган газетхон бўлса Халқ таълими аълочиси, олий тоифали география ўқитувчиси Сафарали Жалиловнинг биргина жорий йилда газетамиз саҳифаларида чоп этилган “Булунғурда шамол йўқми?”, “Шероз қалъаси қачон қурилган?”, “Маҳалла номи – жой қиёфаси”, “Бузможан рустоқи – илк Булунғур тумани”, “Кечаги Бузможандан бугунги Булунғургача” каби бир қанча туманимиз тарихига оид мақолалари билан яқиндан танишган.
Сафарали ака билан салом-аликдан нарига ўтмаганмиз. Мен у кишининг газетага тақдим этаётган мақолалари орқали қисман ижодлари билан таниш эдим. Бироқ ҳаёт йўли ҳақида маълумотларга эга эмасдим. Касб байрамлари арафасида мавриди келиб, домла билан суҳбат жараёнида у кишининг ҳаёт йўли, ижоди ва келгуси режалари ҳақидаги фикрлари билан яқиндан танишишга муяссар бўлдим.
С.Жалилов 1956 йилда туманимизнинг “Якка Робот” қишлоғида, оддий деҳқон оиласида таваллуд топган. Шу қишлоқда ўсиб-улғайиб, 13-ўрта умумтаълим мактабида таълим олди.
-Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидаги маориф тизимидаги аҳвол ҳам бошқа соҳалардан қолишмас, ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам шароит йўқ эди. Соҳа малакали мутахассис ўқитувчиларга эҳтиёж сезарди. Ўша пайтларда мактабимизда айрим фанлар бўйича ўқитувчилар етишмас, жумладан география фани ўқитувчиси ҳам бўлмаганлиги туфайли тарих фанидан дарс берувчи ўқитувчи география фанидан ҳам сабоқ берарди. География фани бўйича туман ва вилоят босқичларида бўлиб ўтган фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритганим туфайли мактабни тугатганимдан сўнг ўша пайтдаги мактаб директори Турди бобоТожиев қўлимдан етаклаб Тошкент Давлат университетининг География факультетига олиб борган, - дея хотирлайди Сафарали Жалилов биз билан суҳбатда.
Ёш талаба Сафарали университетда география фанлари доктори З.Икромов ва дунёнинг ярмини айланиб чиққан “ўзбек Магеллан”и Х Ҳасановлардан фан сирларини қунт билан ўрганди. Олийгоҳни тугатгач эса яна туғилиб ўсган қишлоғига қайтиб, ўзи таълим олган 13-ўрта умумтаълим мактабида устозлари сафида география фанидан ўқувчиларга таълим бера бошлади.
Ҳаёт фақат равон йўллардан иборат эмас. Баъзида ишда, баъзан турмушда қийинчиликлар юзага келиб туради. Айниқса, биргина маошга таяниб қолган ўқитувчиларнинг кўпчилиги бошқа йўналишларни танлаб кетганларида ҳам олийгоҳда ўзи билан бир курсда ўқиган турмуш ўртоғи Дилбар опа билан мактабни ташлаб кетишмади. Улар ишдан сўнг хонадондаги томорқаларида деҳқончилик билан шуғулланб, оила иқтисодини тиклашга ҳаракат қилишди.
Улар биргаликда 3 қиз ва 4 ўғилни оқ ювиб, оқ тараб тарбия қилишди. Ўқитди, илмли, ишли қилди. Фарзанларининг барчаси олий маълумотли бўлишди. Бўлганда ҳам шунчаки эмас, уларнинг 4 нафари олийгоҳларнинг магистратура йўналишлари, 3 нафари эса бакалаврият бўйича маълумотга эга бўлишган. Уларнинг орасида бугун фан доктори ҳам, ҳуқуқшуноси ҳам, раҳбар ҳам, ўқитувчиси ҳам бор.
Сафарали ака билан Дилбар опа фарзандларини олийгоҳларда ўқитиш учун қўлларидан етаклаб шаҳарма-шаҳар юришмади. Қоп-қоп пул кўтариб таниш изламади. Фарзандларининг барчаси ўзлари танлаган касб бўйича олийгоҳларга ўзлари ҳужжат топширишиб, ўз кучи ва билими билан ўқиб, дипломга эга бўлишган. Суҳбат жараёнида Сафарали ака фарзандларининг айримларининг ҳатто таълим олаётган олийгоҳларининг қаерда жойлашганлигидан ҳам хабари йўқлигини таъкидлади. Уларнинг орасида хорижда таълим олиб келганлари ҳам бор.
1978 йилда олийгоҳни тугаллаб, жонажон мактабида ўқитувчиликни бошлаган Сафарали ака Жалилов мана 42 йилдирки ҳамон бир жойда, бир мактабда ўқувчиларга сабот билан сабоқ бериб келмоқда. Бугун бу табаррук инсон нафақада бўлсада, ўқувчиларга меҳрибон устоз, ўқитувчиларга маслакдош.
Бугун домла 65 ёшда бўлсада, ҳали ҳамон бир зум ҳам ижодни, изланишни, мутолаа қилишни, мулоҳазаларини ўқувчилар билан ўртоқлашишни канда қилгани йўқ.
Сафарали Жалиловнинг таълим соҳасида қилган меҳнатлари самарсиз кетмади. Унинг “Куйловчи тоғлар”, “Зарафшон қирғовули” каби илмий географик мақолалари 1986-1989 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси журнали “Фан ва турмуш”да чоп этилган. Шу каби илмий рисолалари ҳамда самарали педагогик ишлари учун 1986 йилда “Катта ўқитувчи” унвонига эга бўлди. Ўлка табиати ва иқтисодини мустақил таҳлил қилиб, эълон қилган илмий мақолалари ҳамда келажакда амалга ошириладиган ижодий ишлари ҳисобга олиниб, 1985 йилда собиқ Иттифоқ Фанлар академияси география жамиятининг ҳудудий аъзолигигига сайланди. Узоқ йиллар жамоатчилик асосида узлуксиз мактаб касаба қўмитаси раислигини бошқарди.
Халқ таълими аълочиси кўкрак нишони соҳиби, устоз мураббий С. Жалиловнинг ўнлаб шогирдлари бугун ишлаб чиқаришнинг турли жабҳаларида, шунингдек ҳукумат идораларида, раҳбарлик лавозимларида, тадбиркорлик, фермерлик, таълим тизимларида фаолият олиб боришмоқда.
Умрини, бор билимиги, кучини, иқтидорини география фани ривожига бағишлаган география фани ўқитувчиси Сафарали ака Жалиловнинг ҳали бу соҳа бўйича амалга ошириши лозим бўлган юмушлари бисёр. У киши ҳозирда туман ҳудудида “Илон ўтди” шамолининг мавжудлигидан фойдаланиб, Булунғурда ШЭС (шамол электр станцияси) қурилиши, “Полгар шамоли” ҳамда “Шероз қалъаси”нинг тарихи ҳақида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Биз камтарин инсон,олий тоифали география фани ўқитувчиси Сафарали ака Жалиловни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами билан чин дилдан қутлаймиз. Ишига унум, оиласига хотиржамлик, танига қувват тилаймиз.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.