БУЛУНҒУРДАГИ ШЕРОЗ ҚАЛЪАСИ ҚАЧОН ҚУРИЛГАН?
Асл Шероз Эронда... Хўш, унда Булунғурдаги Шероз-чи, у қачон қурилган?
Ота-боболари турк бўлган, биз Самарқандликларни Абу Тоҳирхўжа ўзининг “Самария” китоби (Т.,Камалак, 1991, 18-б) да “Бу ерга келган мусофир қувонадир. Лекин, шаҳарнинг халқи қаттиқ хулқли, ғала-ғулочи ва лофчидир. Теварагидаги турклар ботир, ўктам ва урушқоқдирлар” деб таърифлаганича бор. Шу сабаб биз Булунғурликлар ҳам “Бизда А.Темур қурдирган Шероз қалъаси бор” деб кўп мақтанамиз.
Лекин ўтган асрнинг 70-йилларида Ал-Бухорий бўлгани каби бирорта нуфузли меҳмон (Суриядан келган эди) Самарқандни айланиб, энди Шерозни кўрамиз, деб қолса ва биздан “Бу қалъани А.Темур қайси йили қурдирган?” деб сўраса нима бўлади... Айниқса, у шу саволга жавоб олиш учун узоқ Испания, Фарангистон ёки Можаристонлик Темуршунос олим ва давлат арбоби бўлса, Шероз XIV асрда бино қилинган, деган жавоб уни қониқтирмаслиги табиий ҳол. Демак, биз бугун шу ҳолимиз билан шунга ўхшаш саволларга жавоб бера оламизми? Йўқ. Нега? Чунки аниқ жавоб энг нодир тарихий китобларда ҳам ёзилмаган. Бу саволга 6 асрки жавоб берилмаган. Тарихчиларнинг бу ҳолатини А.Қодирий ва унинг “Ўткан кунлар” (Т., Шарқ, 2009, 299-б) романидаги Юсуфбек ҳожи кўрганида эди, “Нега ҳар нарсага етган ақлинг шунга қолганда оқсайдир” деган бўлар эди. Жавоб берилган китобларда ҳам бир хил, умумий ва бир-бирини такрорловчи гаплардан нарига ўтмайди. Масалан, география фанлари доктори Ҳ.Ҳасановнинг “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан” (Т., Фан, 1965) рисоласида, ёки тарих фанлари доктори, академик И.Мўминовнинг “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” (Т., Фан, 1993) рисоласида ҳам “А.Темур жаҳонгирлик йилларида: менинг Самарқандим қаршисида бамисоли кичик бир қишлоқ каби билсинлар, деб атрофидаги қишлоқларга Миср, Дамашқ, Султония, Боғдод, Шероз деган номлар берган”, деб ёзган. Фарқи И.Мўминов “Самарқанд атрофида қатор қишлоқлар бунёд этиб” жумласини қўшган экан. Бу жавоб ҳам барибир қониқарли эмас. Ёки энг ишончли М.Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” (Т., Чўлпон, 1994) китоби (347-б)да “Шероз-Самарқанднинг шимолий (Шарқий – С..Ж.) тарафида, ундан 4 фарсаҳ (32 км.) нарида жойлашган, катта қишлоқ, А.Темур тарафидан Бузмажан қишлоғи ўрнида бино қилинган”, деб Шерознинг ўрнини берган холос. Ҳатто Самарқандни яхши ўрганган В.Л.Вяткинда ҳам шундай гап.
Энди нима қилсам экан, деб ўйланиб қолдим. Шунда, тасодифан Ш.Али Яздийнинг “Зафарнома” (Т.. Шарқ, 1977) китоби (77-б)да “Соҳибқирон учинчи қатла Жета сори черик тортиб боргани” мавзусида “Панжшанба куни шавон ойи аввалида, тарих етти юз етмиш олтинчи (1375, 5 январь) Ҳазрат Соҳибқирон черик жам этиб, Жета сори мутаважжи бўлди. Қатовон равотида (Самарқанддан 5 фарсаҳ - 40 км. шимоли-шарқда - С.Ж.) тушди. Ҳаво булутли бўлиб, қор била ёмғур тўка бошлади ва андоқ совуқ бўлдиким, ҳеч ким элик чиқара олмас эрди. Ва от-уловларига сомон қаламоқ учун ожиз бўлдилар. Ва бу совуқ жиҳатдан кўп киши талоф бўлди. Ҳазрат Соҳибқиронга раҳми келиб дедиким: “Қайтиб Самарқандга бориб икки ой анда турали, совуқ бир сори бўлғунча”. Қайтиб Самарқандга туштилар ва анча таҳаммул қилдиларким, совуқ бир тараф бўлиб. Ҳаво яхши бўлди. Ва яна душанбаи шавволда (20.03.1375) Жета сори мутаважжиҳ бўлдилар”, деб ёзилган жумлани ўқиб қолдим. Бу воқеадан (менга) шу маълум бўлдики, демак, “1375 йилнинг 5 январигача Шероз ҳали қалъа сифатида бино қилинмаган”, деган хулосага келдим. Чунки бу воқеада “Қатавонга бормасдан Шероз қалъаси бўлганида (унга боришда қўниб ўтмаган бўлса ҳам) Самарқандга совуқдан азоб чекиб, мажбуран қайтишларида қўшиндаги шунча қурол-яроғ, от-улов ва заҳираларнинг ҳаммасини пойтахтгача овора бўлиб қайтариб юрмасдан, ҳеч бўлмаса бир қисмини Шерозда қолдирган бўлар эди”, деган хулосага келдим. Демак уни (Шерозни) кейинги тарихий воқеалардан излаш керак бўлади. Бу эса саҳрода игна билан қудуқ қазишдек машаққатли иш.
Кўп изландим, охири тиниқ сув бўлмаса ҳам, лойқа сув топгандай бўлдим. Ундаги воқеани Ибн Арабшоҳ ўзининг “Амир Темур тарихи” (Т.. Меҳнат, 1-Т, 1992) китоби (126-127-б.) да “Жами Ажам ерлари холис Темурники бўлиб, подшолари халқлар унга бўйин эггач ва унинг фармонлари Араб Ироқи ҳудудларигача етгач, Боғдод соҳиби Султон Аҳмад ғазабноб бўлиб, изтироб чекди. Натижада у ҳисобсиз қўшин тўплаб, уларга бошлиқ қилиб Сунатой деб аталадиган шижоатли ва машҳур бир амирини тайин қилди. Қўшин чиғатойликка қараб (йўлга) чиққач, Темурга у (қўшин), Сунатой ҳақидаги хабар етиб борди. Бу хабардан Темур қалби шодланиб, у сурурга тўлди. У бу (иш)нинг Султон Аҳмад билан тўқнашувига сабаб, Ироқ подшолигига қарши жангу муҳораба (бошлаш)га баҳона қилди ва унга қарши шиддатли қўшин, қўшин эмас балки тўлиб-тошган денгиз юборди. Иккала лашкар сидқидил билан уруш қилиш ниятида Султония шаҳри яқинида учрашдилар. Муҳораба талабгорларидан ҳар бири ўз рақибига чиндан зарба бериб, бир-бирлари гарданига найза учини-ю, қилич тиғини йўналтирди. Чиғатойликларнинг денгизи ўз тўлқинлари (мавжлари) гуруҳлари (қўшинлари)дан мадад олиб шундай топталдики, Сунатой аскарларининг мавжлари (Темурнинг аскари оёғидан) чиққан ғуборларга урилиб парчаланди. Сунатой ўз аскарлари билан қочиб, ҳаммалари Боғдодга етиб келадилар ва мамлакатнинг турли томонларига тўзиб кетдилар. Султон Аҳмад Сунатойга миқнаа (рўмол) кийдирди (ўратди - С.Ж) ва уни урдириб, азоб-уқубатга солгандан кейин, Боғдод (кўчаларида) юргизиб (элга) сазойи қилди. Темур (Султон Аҳмадга қарши) инодини тугатиб (1393 йил 22 августдан – 1396 йил 18 июлгача бўлган 3 йиллик уруш - С.Ж.) ўз мамлакати томон равона бўлиб қайтди. Кейин Темур Самарқанддан унинг этакларига чиқиб, унинг теварак атрофларида бир ердан иккинчи ерга кўчиб юрди. У Самарқанд атрофида бир қанча қасабалар (Султония, Шероз, Боғдод, Дамашқ, ва Миср қишлоқлари-С.Ж) бунёд этиб уларни улуғ ва пойтахт шаҳарлар номи билан атади” (1-Т, 127 б) деб ёзган. Бу ерда мен учун энг қимматли сўз “У Самарқанд атрофида бир қанча қасабалар бунёд этиб, уларни улуғ ва пойтахт шаҳарлар номи билан атади” дегани бўлди. Демак, калаванинг учи энди топилди. Кейин бу воқеани бошқа тарихий китоблар “солномаси”га таққослаганимда унинг 1397 йил март ойидан 1398 йил апрелгача бўлган оралиқ эканини кўрсатди. Шундан сўнг, “Шероз қалъаси мўғул босқини даврида вайрон қилинган Бузмажан қишлоғи ўрнида 1397 йил март ойидан қурилган”, деб айтишимга асос бўлди.
Яна бир гап, ушбу изланишим натижасида фақат Шерознинг қачон қурилганини эмас, балки унга тенгдош ва Самарқандга йўлдош Боғдод, Дамашқ ва Миср (Қоҳира) қишлоқлари ҳам 1397 йил мартдан то 1398 йил апрелгача бўлган оралиқда қурилганини топдим. Бу иш барча Самарқандликлар ва Амир Темур тарихи билан қизиқувчилар учун жуда катта янгилик бўлди. Энг асосийси, биз Булунғурликлар энди “Бизда 1397 йил Амир Темур томонидан бунёд этган Шероз қалъаси бор” деб бемалол мақтанишимиз мумкин. Тўғри эшитган бўлсам, кейинги йилларда (2015 йил май) Самарқандлик олим А.Бердимуродов Шерозда археологик қазиш ишлари олиб борган. Агар у киши мендан кўра аниқроқ далил топса, ишларига омад тилаб, раҳмат дейман. Чунки, Шероз ҳаммамизникидир!
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
13-умумтаълим мактаби география ўқитувчиси.