Президентимиз томонидан 2019 йил 27 декабрда Республика ёшлари билан учрашув чоғида 2020 йил ёшлар билан ишлашда “Туб бурилиш йили” бўлиши таъкидланган эди. Шунга асосан туманимизда ёшлар билан ишлашда, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлашда туман ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамкорлигида бир қатор амалий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жорий йилнинг 15 мартидан жорий этилган карантин талабларига риоя этилган ҳолда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, туман ХТБ, туман АКМ, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамда туман маданият бўлимлари ҳамкорлигида “Шоир ва ёшлар”, онлайн тарзда расмлар, иншолар, роликлар, “5 ташаббус уйда”, “Онлайн оромгоҳ”, “ Онлайн китоблар тақдимоти” танловлари ўтказилди. “Биз албатта енгамиз” ва “ Биз коронавирусга қаршимиз” шиорлари остида ўтказилган бир қатор акцияларда 3400 нафар ёшлар иштирок этишган. Бешта муҳим ташаббус доирасида ўтказилган ана шундай 150 дан ортиқ танлов ва акцияларда 50 мингдан ортиқ ёшлар қатнашдилар.
Шунингдек, карантин талабларига риоя этган ҳолда 3 маротаба “Ҳоким ва ёшлар, 2 маротаба “Прокурор ва ёшлар”, 2 маротаба “Сектор раҳбари ва ёшлар”, 3 маротаба “ Раҳбар ва ёшлар” ва Зоом платформаси орқали “Сенатор ва ёшлар” учрашувлари бўлиб ўтди. Бу учрашувларда жами 800 нафар ёшлар иштирок этишди. Ёшлар томонидан 28 та мурожаат, 8 та таклифлар билдирилди. Мурожаатларнинг барчаси ижобий ҳал этилди.
Туманимизда жами меҳнатга лаёқатли бўлган (18 – 30 ёш) 39370 нафар ёшлар бўлиб, шундан йил бошида 1886 нафари иш билан банд бўлмаган ёшлар эканлиги аниқланди. Ушбу ёшларнинг 1268 нафари 2020 йил учун манзилли режага киритилган. Айни пайтда иш билан банд бўлмаган ёшларнинг 1204 нафари турли соҳаларда, яъни қурилиш отрядлари, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, касаначилик, тикувчилик ва тўқимачилик, боғдорчилик, чорвачилик соҳаларида, томорқа хўжалигида, “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида, “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури доирасида иш билан бандлиги таъминланди. Шу билан бирга бандлиги таъминланмаган 6821 нафар ёшлар ҳам мавжуд бўлиб, ушбу ёшларнинг бандлигини йил якунига қадар таъминлаш юзасидан манзилли режа ишлаб чиқилган. Режага асосан ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, ҳудудларда “Ёшлар кооперацияси”, “Фидоий ёшлар отрядлари” ва “Ёшлар қурилиш отрядлари”ни ташкил қилиш орқали бандлиги таъминланади.
Камолиддин ҒАППАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари
Агентлиги туман бўлими бошлиғи.