Туман ҳокимлиги, Ёшлар Иттифоқи туман бўлими, Жисоний тарбия ва спорт ҳамда Маънавият ва маърифат марказлари ҳамкорлигида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним” шиори остида марафон ўтказилди. Унда мактаб, коллеж ўқувчилари ва уюшмаган ёшлар иштирок этишди.
Марафонга Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида старт берилди. 300 нафардан ортиқ иштирокчилар 1500 метрлик масофада югуришиб, туман марказидаги Она ҳайкали ва Фозил Йўлдош хиёбонигача бўлган масофани босиб ўтишди.
Финишга биринчилардан бўлиб етиб келган Динара Норбоева, Севинч Бозорова, Маҳфуза Садриддинова, Фахриддин Низомиддинов ҳамда кейинги ўринларда етиб келган марафончиларга ташкилотчиларнинг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Раббим ҲОТАМОВ.