Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида ёшларнинг китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган ҳамда “Маънавий-маърифий тадбирлар ҳафталиги” ўтказилди. Ҳафталик доирасида режалаштирилган қатор тадбирлар бугун барча вилоят, шаҳар ва туманларда юқори савияда ташкил этилди. Жумладан, “Баркамол авлод” болалар марказида бўлиб ўтган фото кўргазма ва расмлар танловида туманимизнинг ёш мўйқалам соҳиблари фаол иштирок этишди. Улар ўзларига ажратилган вақт мобайнида бор маҳоратини ишга солган ҳолда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Республика ёшлар маркази фаолиятининг мазмун-моҳиятини очиб берувчи расмларни чизиб, изоҳлаб беришга ҳаракат қилишди. Айтиш мумкинки, мазкур танлов янгидан-янги истеъдодларнинг кашф этилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Танлов ғолиблари ва фаол иштирок этган ёшлар эсдалик совғалари ҳамда янги нашрдан чиққан турли номдаги бадиий китоблар билан тақдирландилар.
Бу каби тадбирлар ва танловлар юртимиз ёшлари, уларнинг келажак ҳаёти учун ниҳоятда зарурдир. Зеро, ҳар бир ёш ўзига хос иқтидор соҳиби. Уни аниқлаш ва ўз ўрнида рағбатлантира олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Аббос ЖАББОРОВ,
Республика ёшлар маркази
туман бўлинмаси координатори.