Шерали Норалиев (исм-фамилия ўзгартирилган) ёш бўлишига қарамасдан, майга майл қўйганлардан. Ичкилик инсонга ҳеч қачон яхшилик олиб келмаган. Маҳалла марказидаги дўкондан бир ўзи бир шиша ароқни ичиб олган Шерали “шер” бўлди. Ароқ ақлини олди. У яшайдиган маҳалла туман марказидан анча олисда. Кайфи ошиб қолган Шерали туман марказига қараб йўл олди. Ароқнинг кучи билан туман марказига ҳеч бир мақсадсиз йўл олган Ш.Норалиев “Гулзор” маҳалласи “Оқтепа митан” қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Қорасув” ариғи ёнидан ўтаётганда, гарчи кеч бўлиб қолган бўлса-да, ариқда чўмилишни истаб қолди. Шундоққина катта йўл ёқасида маст ҳолатда, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиб, умум эътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликни ифодаловчи ўтакетган беҳаёлик билан ялонғоч ҳолатда бўлган “шер” йигитни шу маҳаллада яшовчи Муҳаммад Қозоқов тартибга чақиришга уринди. Бунга жавобан эса Шерали кела солиб Муҳаммадни ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, қўл ва оёқлари билан уриб, дўппослаб, унга тан жароҳати етказди.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасида М.Қозоқовнинг танасида, яъни иккала кўз-қовоқ соҳасида қонталашлар, иккала тирсак бўғими соҳаларида шилинмалар, бурун ва кўкрак қафаси чап томони юмшоқ тўқималари лати, бош ўнг тепа соҳасида урилиб йиртилган яра, бош мия чайқалиши, бурун суяги синиши каби тан жароҳатларининг мавжудлиги, мазкур жароҳатлар ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида етказилганлиги кўрсатилган.
Бугун Ш.Норалиев қилган ишидан пушаймон. Жабрланувчидан кечирим сўради. Суддан бошқа бундай жиноят содир этмаслигини, шу сабабли ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришликни илтимос қилиб кўрсатма берди.
Суд, судланувчи Ш.Норалиевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисмининг “г” банди билан 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Судланувчи Ш.Норалиевга озодликни чеклаш даврида маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўткакзишда иштирок этмаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмасликдан иборат қўшимча чекловлар ҳам ўрнатилди.
Ойбек ЖАЛОЛОВ,
туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими
терговчиси, катта лейтенант.