Туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси жазоларни ижро этиш инспекцияси ходимлари ҳисобдаги 250 нафар маҳкумларнинг жазони ижро этиш вақтида муносиб хулқ-атворда бўлиш, қайта жиноят содир этмасликлари учун уларнинг ҳар бирлари билан алоҳида профилактик ишлар олиб боришмоқда. Маънавий-маърифий дарслари ўтказилмоқда. Яқинда жазони ижро этиш вақтида намунали ҳулқи билан бошқаларга ибрат бўлган ҳамда қатъий тузалиш йўлига ўтган, қилган жиноятларидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган маҳкумларнинг 96 нафари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан белгиланган муддатдан илгари жазодан озод этилди. Бироқ улар орасида қилган жиноятларидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига жазо муддатини ўташ чоғида яна қайтадан жиноят содир этган 18 нафар маҳкумга нисбатан белгиланган жазо чоралари ўзгартирилиб, қамоққа олиш тарзидаги жазо чораси қўлланилди. Шулардан бири ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ, анча миқдорда талон-тарож қилган Шерали Алиқулов (исми-фамилияси ўзгартирилган). У илгари қасддан қилган талончилик жинояти учун суд томонидан 5 йил муддатга “озодликни чеклаш” тарзидаги жазони ўтаётган бўлишига қарамасдан, суд томонидан ўрнатилган чекловларга амал қилмаганлиги сабабли ўталмай қолган 4 йилу 2 ойлик жазоси қамоқ жазосига ўзгартирилди.
Шунингдек, йил бошидан буён 143 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган, 3 нафар гиёҳванд, 23 нафар руҳий касаллар, жами 169 нафар шахслар мажбурий даволаш муассасаларига ҳамда 17 нафар вояга етмаган ВЕИХЁК муассасасига жойлаштирилди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан кўрилаётган бундай чоралардан асосий мақсад уларнинг қатъий тузалиш йўлига ўтиб, мукаммал шахс бўлиб тарбияланишлари ҳамда ҳаётда ўз ўринларига эга бўлишларида кўмаклашишдан иборат.
Акмал ТОШМУРОДОВ,
туман ИИБ ҲПБ
ЖИЭИ инспектори, капитан.
Суратда: туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, майор Ғайрат Маматов қонунбузарликка йўл қўйишган фуқаролар билан суҳбат ўтказаяпти.