Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, баъзилари билиб-билмай хатога йўл қўядилар, айримлари эса қасддан, атайлаб турли хил мақсадларда жиноятга қўл урадилар. Ҳар икки ҳолатда ҳам айбдорлар суднинг қора курсисида ўтириб, суд ҳайъатидан қилмишидан чин пушаймон эканлигини, бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини, оилавий шароити ва фарзандлари борлигини инобатга олишликни илтимос қилиб, жазони енгиллатишни сўрашади.
Аксарият ҳолларда суд ҳайъати юқоридагиларни инобатга олиб, айбдорга қонунда белгиланганидан ҳам камроқ жазо тайинлайди, жазони енгилроқлари билан алмаштиради. Мақсад эса аниқ. Жазоланувчи қилган қилмишидан пушаймон бўлиб, ҳар қандай жиноятга жазо муқаррарлигини ҳис қилиши ва соғлом турмуш тарзини давом эттиришни таъминлашдан иборат.
Шерали Алимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бундан бир неча йил илгари ҳам қасддан содир этган жинояти учун суд ҳукми билан жазо олган эди. Шундан бери орадан анча вақт ўтди, қанча сувлар оқиб кетди. Афтидан, Шералининг ҳам суддан қилмиши учун кечирим сўраганлари, ҳукуматнинг авфи туфайли жазодан шартли озод этилганлари бироз ёдидан кўтарилганди. Акс ҳолда...
Ш.Алимов жорий йилнинг март ойида хизмат мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда яна жиноятга қўл урди. У туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг иқтисод ва молиявий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлашидан фойдаланиб, фуқаро Ш.Абдуваҳобовани бирлашмага кир ювувчи вазифасига ишга киритиш эвазига таъмагирлик йўли билан 400 АҚШ доллари беришини талаб қилиб олаётган вақтда Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва Булунғур туман бўлими ходимлари томонидан жинояти фош этилди.
Ш.Алимов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Суд, судланувчи Ш.Алимовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибида тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунини озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштириб, жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил, 2 (икки) йил муддатга муайян ҳуқуқдан, соғлиқни сақлаш тизимида, шунингдек тиббиёт бирлашмаларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 (уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Ҳуснидин РАЗИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
ИЖҚК Департаменти туман бўлими бошлиғи,
Адлия маслаҳатчиси.