уларнинг давлат органларида тўлиқ кўриб чиқилиши кафолатланади
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 3-моддасига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар) бола (болалар) деб эътироф этилиши қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4296-сон қарорига мувофиқ болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланиши ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги назарда тутилган.
Бундан ташқари, мазкур қарорга кўра оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақли эканлиги, бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шартлиги белгиланган.
Шунингдек, “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 241-модда билан тўлдирилган.
Унга кўра, вояга етмаган шахслар тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли уларнинг мурожаатларини кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги, мурожаатда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган давлат органлари, ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари мурожаатни тегишли давлат органига, бошқа ташкилотга ёки мансабдор шахсга ёхуд васийлик ва ҳомийлик органига юбориши шартлиги белгиланган.
Бинобарин, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 11-моддасида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан ота-она (улардан бири) ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек бошқа давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақли эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Вояга етмаганларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик белгиланган тартибда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 43-моддасига асосан маъмурий ёки Жиноят Кодексининг 144-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарлик келтириб чиқариши белгиланган.
Б.ҚАҲҲОРОВ,
туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси.