Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқини кафолатлаш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг вазифалари қайта кўриб чиқилди, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди, шунингдек, “Мўтабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатларини қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди.
Бевосита ишга қабул қилишда хотин-қизларга берилган имтиёз ва кафолат хусусида гаплашадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 7-мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4235-сон Қарорига асосан 2019-йил 1-майдан: аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилиниши, тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланиши, шунингдек, эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланиши белгиланди.
Мазкур қарор ижроси юзасидан 2000-йил 5-январда 865-сон билан Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати бекор қилинди. Янада соддароқ қилиб айтганда Меҳнат кодекси 225-моддасига мувофиқ меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўлланиш тақиқланади, ер остидаги баъзи ишлар (жисмоний бўлмаган ишлар ёки санитария ва маиший хизмат кўрсатиш ишлари) бундан мустаснодир. Аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади. Аёллар меҳнатини қўлланиш тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай ишларнинг рўйхати ҳамда улар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган юк нормаларининг чегарасини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федератсияси Кенгаши ва иш берувчиларнинг вакиллари маслаҳатини олган ҳолда тасдиқлаши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари Меҳнат кодекси 224-моддасига мувофиқ ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 1999-йил 14-апрелдаги “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Меҳнат кодексининг 2281-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгилаанган бўлса, иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланиши белгиланган.
А.КУЙЛАНОВ,
Туман адлия бўлими бошлиғи