ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК
етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг асосий шакли
Туман халқ таълими бўлими қошида васийлик ва ҳомийлик органи мавжуд бўлиб, бу орган Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисила”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа васийлик ва ҳомийлик масалаларига оид ҳужжатларга мувофиқ фаолият олиб боради. Ўтган 2019 йилда 86 нафар етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган бўлган болаларга васийлик ва 17 нафар болаларга ҳомийлик тайинланди. Васийлик ва ҳомийлик органи туман вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияси, туман прокуратураси, туман ИИБ, ФҲДЁ бўлими, ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Васийлик - ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум болаларни, шунингдек, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланади.
Ҳомийлик -ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланади.
Қуйидаги ташкилотларда васийлик ва ҳомийлик органи фаолият олиб боради:
1). Вояга етмаганларга нисбатан - туман, шаҳар халқ таълими бўлимида;
2). Суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган фуқароларга нисбатан - туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларида;
3). Соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомий тайинлашга муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқати фуқарларга нисбатан – туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан амалга оширилади.
Қуйидаги шахслар васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас;
а) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлар ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
б) суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган, деб топилган шахслар;
в) собиқ фарзандликка олувчилар, агар фарзандликка олиш уларнинг ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинганлар билан шавқатсиз муносабатда бўлганлиги, сурункали аль коголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги оқибатида бекор қилинган бўлса;
г) ўз зиммаларига юкланган мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёки ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;
д) қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар.
Васийлик ва ҳомийликни расмийлаштириш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар:
1. Паспорт, никоҳ гувоҳномалари (нусхаси);
2. Иш жойидан маоши кўрсатилган маълумотнома;
3. Тавсифнома иш жойидан;
4. Тиббий ҳайъат комиссиясининг хулосаси - поликлиникадан (086-у форма);
5. Наркология, руҳий асаб касалликлари, сил касалликлари диспансеридан ҳисобда турмаслиги ҳақида маълумотнома;
6. Муқаддам судланмаганлиги ҳақида маълумотнома (ягона дарчадан);
7. 2 дона 3х4 ўлчамли сурат.
Болага керакли ҳужжатлар:
1. Туғилганлик ҳақида гувоҳнома (нусхаси);
2. Ота-онаси ҳақида маълумот (вафот этганлиги ёки қидурувда эканлиги ҳақида маълумот, ота-онанинг йўқлиги ҳақидаги тасдиқловчи маълумотнома, ота-онанинг нотариал розилиги);
3. Ўқиши ҳақида маълумотнома;
4. Боланинг соғлиғи тўғрисида терапевт хулосаси.
5. Васийликка олишга боланинг ёзма розилиги (10 ёшдан ошган бўлса);
6. 2 дона 3х4 ўлчамли сурат.
Ҳайитмурод ЎРОЛОВ,
туман халқ таълими бўлимининг Болаларни ижтимоий
ҳимоялаш бўлинмаси мутахассиси.