ҚУМ ҚИШЛОҒИ ЧИРОЙ ОЧМОҚДА
Мевали ва манзарали дарахтлар соя солиб турган текис, равон кўчалардан “Нексия”да ғизиллаб учиб борар эканмиз, кенг далаларда ястаниб, барқ уриб ўсаётган картошка, помидор, карам, бодринг, пиёз каби сабзавот экинлари мўл ҳосилдан дарак бериб турибди.
- Қишлоғимиз аҳолиси серғайрат, меҳнаткаш, - дейди машина рулини моҳирона бошқариб бораётган ҳамроҳимиз, қишлоқнинг фаол жонкуярларидан бири, “Булунғур ҳаёти” газетасининг жамоатчи мухбири Ҳамроқул ака Маҳмудов. - Қишлоғимизнинг шаҳардан фарқи йўқ, - дейди ойнадай текис асфальт йўлга ва йўл четидаги маиший-савдо дўконларига ишора қилиб. У киши муюлишдаги савдо дўкони олдида машинани тўхтатди.
- Бу йигит қишлоқнинг асл фарзандларидан бири, якка тартибдаги тадбиркор Абдуназар Усанов, - деб таништирди Ҳамроқул ака савдо дўкони сотувчисини. - У қишлоқ аҳолисини озиқ-овқат ва хўжалик моллари билан таъминлаб туради. Айниқса, бугунги карантин кунларида Абдуназар Усанов аҳоли эҳтиёжига, талабига ва буюртмасига асосан турли хил маҳсулотларни ўз вақтида етказиб туриши билан ҳам қишлоқ аҳолисининг ҳурматига сазавор бўлди.
Катта йўлнинг нариги томонида ёш тадбиркор қассоб Отабек Сатторов ташаббуси билан гўшт дўкони қурилиб, ишга туширилган.
- Бундан 3 йил олдин тадбиркорларга берилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, маҳалла фаоллари маслаҳати асосида шу ишга қўл урдим, - дейди ёш тадбиркор қассоб Отабек Сатторов. - Ўз ҳисобимдан 30 миллион сўм харажат қилиб, қишлоқ ободончилигига ҳисса қўшиш ниятида ушбу гўшт дўконини ишга туширдим. Келгусида гўшт дўкони ёнидан савдо дўконини ҳам ишга туширишга ҳаракат қилаяпман. Бу ишда Эсонтурди МФЙ ва Қум қишлоқ фаоллари менга яқиндан ёрдам беришмоқда.
- Қишлоғимиздан чиққан тадбиркорларнинг оталарига минг раҳмат, - дейди 86 ёшли Ўрол бобо Норбоев. - Уларнинг ташаббуси ва ғайрати билан қишлоғимиз обод масканга айланиб бормоқда. Зарур пайтларда 1 килограм шакар ёки гўшт учун албатта, туман марказига овора бўлиб бориб келардик. Бугунги кунда қишлоғимиздаги тадбиркор- ишбилармонларнинг элим деб, юртим деб жон куйдириши, яратилаётган имкониятлар туфайли дўконлардан хоҳлаган нарсаларни топишимиз мумкин.
Қум қишлоғи жонкуярларидан яна бири Алибой полвон Жумонқуловнинг тадбиркор ўғли Ўткир Жабборов ташаббуси билан 100 квадрат метр майдонда савдо комплекси, маиший хизмат шахобчалари, гўзаллик салони, сартарошхона, ва пойафзал устахонаси биноси қурилиши бошлаб юборилди.
- Қурилиш ишларини ўзимизнинг шахсий ҳисобимиздаги 105 миллион сўм ҳисобидан амалга ошираяпмиз, - дейди Алибой полвон Жумонқулов. - Айни пайтда7 нафар тажрибали ёш қурувчи усталар ишчилар билан бино асоси пойдевори учун бетон қуйиш ишларини амалга оширишмоқда. Бино тўлиқ ишга тушгач маҳаллий аҳолидан 10 нафар киши доимий иш билан таъминланади.
Раббим ҲОТАМОВ.