Туманимизда касбига садоқатли, ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, юрт равнақи учун муносиб ҳисса қўшаётган замондошларимиз, забардаст меъмор ва қурувчилар ҳам кўплаб топилади. Ҳамюртимиз, ўттиз ёшли Улуғбек Тўраев ана шундай касб соҳибларидан.
У Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида муҳандис-қурувчи мутахассислиги бўйича таълим олди. Олий маълумотли муҳандис-қурувчи У.Тўраев 2015 йилдан иш фаолиятини бошлади. Туманимизда қад ростлаётган замонавий, шинам биноларнинг қуриб фойдаланишга топширилишида унинг ҳиссаси беқиёс.
2015-2017 йиллар “Меъмор” хусусий фирмасида етакчи мутахассис, 2017 йилдан ҳозирга қадар ушбу қурилиш фирмасининг раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган малакали, билимли ва тажрибали муҳандис-қурувчи Улуғбек Тўраев бошчилигидаги қурувчилар жамоаси буюртмачиларнинг талаби ва дидига мос биноларни муддатидан олдин сифатли қилиб топширишга эришмоқдалар.
Замондошимиз Улуғбек Тўраевнинг заҳматли меҳнатлари ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан муносиб тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида Улуғбек Мамаражабович Тўраев “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.
Ўз навбатида биз ҳам муҳандис-қурувчи, “Меъмор” хусусий фирмаси раҳбари Улуғбек Тўраевни давлатимизнинг “Келажак бунёдкори” медали соҳиби бўлганлиги билан чин дилдан қутлаймиз. Келгусида ҳам юртимизнинг янада гуллаб-яшнашига, осмонўпар бинолар қад ростлашида муносиб ҳисса қўшишига куч-ғайрат тилаб қоламиз.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.