Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 16 мартдаги “Фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида жорий йилнинг май ойида юртимизда маҳалла раислари сайловини ўтказиш белгиланган эди.
Шу асосда 2022 йил март ойида халқ депутатлари туман Кенгашининг “Туманда фуқаролар йиғинлари раислари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Туманда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия тузилиб, тадбирлар режаси тасдиқланди.
Икки ой давомида туманимизда амалдаги қонунларга мувофиқ сайловга тайёргарлик кўрилди. Кўмаклашувчи комиссия аъзолари ва маҳаллаларда тузилган ишчи гуруҳлари томонидан маҳалла раисига қўйиладиган талаблар асосида, маҳаллада доимий яшовчи фуқароларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда, маҳаллада камида беш йилдан буён доимий яшаб келаётган, ташкилотчилик қобилиятига, иш ва ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга 2 нафардан 4 нафаргача, жами 289 нафар фуқаро номзод сифатида кўрсатилди. Улар орасидан 116 нафар номзод сараланди ва аҳоли томонидан 55 та номзод етакчи қилиб сайланди. Сайлов жараёнларида жами 13 минг нафар фуқаро овоз беришда иштирок этди.
16-23 май кунлари барча 55 та маҳаллада сайлов ўтказилди. Бу жараён қонунда белгиланган тартибда, очиқ, адолатли ва шаффоф ташкил қилинди. Сайловларда аҳоли томонидан муносиб деб топилган маҳалла раисларининг 19 нафари илгари шу вазифада ишлаган, 36 нафари биринчи марта мазкур вазифага сайланди.
Маҳалла раисларининг ёши бўйича таҳлилига кўра 14 нафари 40 ёшгача, 19 нафари 40-50 ёшгача, 18 нафари 50-60 ёшгача, 4 нафари 60 ёшдан юқори бўлган раислардир. Сайланган раисларининг маълумотига кўра 53 нафари олий, 2 нафари ўрта махсус маълумотга эга. Мутахассислиги бўйича 9 нафари иқтисодчи, 2 нафари ҳуқуқшунос, 13 нафари ўқитувчи, 2 нафари муҳандис, 6 нафари агроном, 1 нафари қурувчи, 22 нафари бошқа мутахассисларни ташкил қилади. Бу йил маҳалла раисларининг 4 нафарини аёллар ташкил қилди. Сайлов жараёнлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларда доимий ёритиб борилди.
Туман маҳалла фуқаролар йиғини раислари сайловини
ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси.